Хитойнинг 9 та вилоятида аҳоли сони камайиб бормоқда

NUR-SULTAN. Kazinform – Хитойнинг тўққизта провинциясида аҳоли сонининг табиий қисқариши қайд этилди. ХХРнинг 23 та маъмурий-ҳудудий бирлиги томонидан эълон қилинган демография соҳасидаги статистик маълумотлар шуни тасдиқлайди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
None
None

2021 йил охирида Хитойнинг тўққизта, жумладан Хэбэй, Цзянсу, Хунань, Хубэй, Шаньси, Хэйлунцзян ва бошқа провинцияларида аҳолининг табиий қисқариши кузатилмоқда.

Хитойлик экспертларнинг қайд этишича, ҳозир демография соҳасида салбий тенденциялар пайдо бўлмоқда.

«Хитойда туғилиш даражасининг пасайиш тенденцияси узоқ муддатли бўлишини башорат қилиш мумкин. «Учинчи фарзанд» сиёсати баъзи муаммоларни юмшатиши мумкин, бироқ қисқа муддатда бу тенденцияни тубдан ўзгартириши даргумон», — дейди хитойлик демограф Хуан Вэньчжэн.

Туғилиш даражаси юқори бўлган ҳудудлар асосан Хитойнинг урбанизация даражаси паст ғарбий ва марказий минтақаларида жойлашган.

Демографлар Хитой аҳолисининг камайишини ёшлар ва туғиш ёшидаги аёллар сонининг камайиши, шунингдек, тиббий хизмат ва таълим харажатлари юқорилиги туфайли фарзанд кўришни истамайдиган ёшлар сонининг кўпайиши билан боғлашмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда ажралишлар даражаси юқори.

Хитой Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2021 йилда туғилиш даражаси ҳар 1000 кишига 7,52 ни ташкил қилди. 2020 йилда бу коеффициент 8,52 ни ташкил қилган.

2021 йилда Хитой ҳукумати оилаларга учинчи фарзанд кўришга рухсат берди. Ушбу чора демографик тузилмани такомиллаштириш ва мамлакат аҳолисининг қаришига қарши курашиш стратегиясини амалга ошириш мақсадида қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 1970-йилларнинг охиридан бошлаб ХХР туғилиш даражасини чеклашга қаратилган қатъий демографик сиёсат олиб борди. Бир нечта истиснолардан ташқари, оилаларга фақат битта фарзанд кўришга рухсат бериларди.

Хитойда 2020 йил охирида ўтказилган еттинчи аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, мамлакат аҳолиси 1,41 миллиард кишини ташкил қилди.

Муаллиф: Руслан Сулейменов

Сўнгги хабарлар