Хитойлик тайконавтлар энг узоқ очиқ космосга чиқиш бўйича янги рекорд ўрнатди
«Шэньчжоу-19» экипаж аъзолари Цай Сюйчжэ ва Сон Линьдун энг узоқ очиқ космосда бўлиш бўйича янги жаҳон рекордини ўрнатдилар. 2024 йил 17 декабрда тайконавтлар «Тяньгун» космик станциясида очиқ космосда 9 соат 6 дақиқа вақт ўтказишди.
Саккиз соату 56 дақиқалик аввалги рекорд 2001 йил 12 мартда америкалик астронавтлар Жеймс Восс ва Сьюзан Хелмс томонидан ўрнатилган эди.
Хитойнинг «Тяньгун» космик станцияси Ер атрофида 340-450 километр баландликда айланади, бу тахминан ХКС орбитал баландлиги билан бир хил.
Хитой оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Цай ва Сон очиқ космосда бир қанча муҳим вазифаларни бажарган. Улар космос чиқиндиларидан ҳимоя қилиш мосламаларини ўрнатдилар ва ташқи жиҳозларга техник хизмат кўрсатдилар, шу жумладан иссиқлик назорат қилиш тизими учун кабеллар ва қувурларни космос чиқиндилари натижасида юзага келиши мумкин бўлган шикастланишдан ҳимоя қилишади.
Станция ичидан уларга учинчи экипаж аъзоси Ван Хаочжэ ёрдам берди. Ердаги назорат гуруҳлари ва станциянинг робот манипуляторлари ҳам миссиянинг муваффақиятини таъминлашда муҳим рол ўйнади, дея хабар беради Хитой ОАВлари.
Тайконавтлар узоқ вақт давомида фазо кемасидан ташқари фаолиятни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган иккинчи авлод «Фэйтянь» скафандрларидан фойдаланганлар.
Экипаж космик станцияга октябрь ойи охирида етиб борган ва 2025 йил апрель ойи охири ёки май ойи бошида қайтиб, Ички Мўғулистонга қўниши режалаштирилган.
Аввал хабар қилинишича, Хитой яна бир сунъий йўлдошлар туркумини учирди. Хитой, шунингдек, 2031 йилда Марс тупроғи намуналарини олиб келишни режалаштирмоқда.