Хитойга мол гўшти экспорти Қозоғистонга йилига 2,5 млрд доллар олиб келиши мумкин
Қозоғистон Республикаси парламенти Мажилиси депутати Айдарбек Қожаназаров чорвачилик тармоғининг экспорт салоҳияти ҳақида гапирди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

– Қишлоқ хўжалиги каби анъанавий тармоқлар ҳақида гапирадиган бўлсак, гўштли чорвачиликда фаолият бошлаган кластерни мисол қилиб келтириш мумкин. Кластер учун бозорнинг совутилган мол ва қўй гўшти, тирик қорамол, музлатилган гўштга бўлган талаби асос бўлди, - деди Айдарбек Қожаназаров “Меҳнат бозори ўзгаришлар даврида” халқаро конференциясида.
Агар 2009 йилда Хитойга мол ва қўй гўшти импорти атиги 50 минг тоннани ташкил этган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич уч миллион тоннага етди, деди эксперт.
– Шу билан бирга, Қозоғистонда ишлаб чиқариш имкониятлари ер ресурсларининг мавжудлиги билан чекланмайди – у яйловлар майдони бўйича дунёда бешинчи ўринда туради. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Қозоғистон Хитойнинг етказиб берувчиларидан бирига айланиш учун қорамоллар сонини саккиз миллиондан камида 15 миллион бошга ошириши керак. Бу 500 минг тоннагача мол гўштини экспорт қилиш имконини беради. Бир килограмм гўштнинг ўртача нархи беш АҚШ доллар бўлса, жами экспорт даромади йилига 2,5 миллиард АҚШ долларни ташкил этади», - деди депутат.
Қолаверса, тўғридан-тўғри таъсир қилишдан ташқари, экспортдан тушадиган даромад бошқа соҳаларни ҳам ривожлантириш имконини беради.
– Экспортдан тушган тушум фермерлар ва соҳанинг бошқа иштирокчилари ўртасида тенг тақсимланади, турдош тармоқлар ривожлантирилади, – деди А.Қожаназаров.
Муаллиф: Азамат Сиздиқбаев