Хитойдан келган сайёҳлар сони 9 баробар ошди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Хитой туризм бозоридаги ўз мавқеини мустаҳкамламоқда. 27-29 май кунлари Хитойнинг Шанхай шаҳрида бўлиб ўтаётган ITB China 2025 халқаро кўргазмасида Қозоғистон ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда ҚР Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилди.

У ерда мамлакатимиз 162 квадрат метр майдонни эгаллаган ягона миллий стенд орқали ташриф буюрувчиларни ички туризм билан таништирмоқда. Кўргазма майдонида ишбилармонлик учрашувлари, тақдимотлар, сайёҳлик маҳсулотларини ривожлантириш учун майдонлар мавжуд.

Маҳаллий делегация таркибида ҚР Туризм ва спорт вазирлиги, “Kazakh Tourism” АЖ, шунингдек, Астана, Алмати, Ақмола, Манғистау ва Алмати вилоятлари туризм департаментлари, меҳмонхона бизнеси ва етакчи сайёҳлик компаниялари вакиллари бор.
Ташриф буюрувчиларга махсус видеоматериаллар, хитой тилидаги ахборот материаллари, бизнес учрашувлари таклиф этилади.

“Хитой - Қозоғистон учун асосий сайёҳлик бозорларидан биридир. Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Чегара хизмати маълумотларига кўра, 2024 йилда Хитойдан келган сайёҳлар сони 2019 йилга нисбатан 9 баравар кўп, 650 минг кишидан ошди”, - деб ёзади вазирлик.
Биргина 2024 йилнинг ўзида мамлакатдаги меҳмонхоналарда 173 987 нафар хитойлик сайёҳга хизмат кўрсатилди. Бу 2023 йилга нисбатан 66 фоизга кўпдир.

“Сайёҳлар оқимининг кўпайишига икки давлат ўртасида визасиз режим жорий этилгани, авиақатновлар кўпайгани, Хитой бозорига йўналтирилган тизимли маълумотномалар кўмаклашди. Қозоғистоннинг халқаро кўргазмалардаги фаол иштироки сайёҳлар сонини кўпайтириш ва хитойлик саёҳатчилар орасида мамлакатнинг машҳурлигини ошириш учун катта имконият яратмоқда”, - дея хабар беради вазирлик.
ITB China - Хитойдаги энг йирик B2B сайёҳлик кўргазмаларидан бири. Бу йилги кўргазмада 80 мамлакатдан 600 дан ортиқ экспонентлар иштирок этмоқда. Тадбирда 15 мингдан ортиқ соҳа мутахассислари, жумладан 1 000 харидор ва 250 ОАВ вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.