Хитойда қурғоқчиликдан уч миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерлари зарар кўрди

Агентлик маълумотларига кўра, қурғоқчилик Хитойда уч миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерларига таъсир кўрсатган. Шу билан бирга, қурғоқчилик туфайли 200 мингга яқин аҳоли ва 760 минг бош қорамол ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларга дуч келяпти.
Қурғоқчиликдан, асосан, мамлакатнинг шимолий, шимоли-шарқий ҳудудлари – Хэбэй, Ляонин провинциялари ва Ички Мўғулистон автоном райони зарар кўрди.
Ўтган ҳафта Хитой шимолида жазирама кузатилди ва об-ҳаво бўйича қизил максимал огоҳлантириш эълон қилинди.
Хитойлик метеорологларнинг прогнозларига кўра, Шимолий Хитойда ҳафта давомида юқори ҳарорат давом этиши кутиляпти.
Айни вақтда Хитойнинг жанубий вилоятларида кучли ёғингарчилик туфайли 15 та дарёда сув сатҳи хавфли чегарадан ошиб кетган.
Хитой Халқ Республикаси сув хўжалиги вазирлиги сув тошқини ва қурғоқчиликдан фавқулодда чоралар кўриш механизмини ишга туширди ва табиий офатларни кузатиш, башорат қилиш ва оқибатларини юмшатишда жабрланган ҳудудларга ёрдам кўрсатяпти.
Муаллиф: Руслан Сулейменов