Хитойда «ишга боргиси келмайдиганларни даволайдиган клиника» очилди
ASTANA. Kazinform – «Ишга боргиси келмайдиганларни даволайдиган клиника» ходимлари мижозларга иш билан боғлиқ хавотир, депрессия ва чарчоқ каби муаммоларни енгишда ёрдам беради, деб хабар беради Kazinform South China Morning Post (SCMP) нашрига таяниб.

“Бу ташқи белгилар кўпинча мураккаб психологик ёки ижтимоий омиллардан келиб чиқади. Биз мутахассис сифатида бу сабабларни аниқлаш, тизимли баҳолаш, ташхис қўйиш ва даво ҳамда қўллаб-қувватлаш вазифасини бажарамиз”, – деди клиника раҳбари Юэ Лимин.
Диагностика жараёнига беморларнинг умумий эмоционал ҳолатини баҳолаш учун суҳбат ўтказиш ва гипертиреоз каби органик касалликларни истисно қилиш учун тиббий кўрик ҳам киради. Шундан сўнг шифокорлар ҳар бир бемор учун алоҳида даволаш режасини тузади.
Бу хизматни яратиш ғоясини аввалроқ фарзандлари «мактабга боргиси келмайдиган» болалар учун клиникага борган ота-оналар таклиф этган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу ташаббусни ҳазил сифатида қабул қилди.
«Бу клиникани ўйлаб топган одам – ҳақиқий даҳо!» – деб ёзди бир фойдаланувчи.
«Клиникага кирасан, лекин ҳеч қандай шифокор йўқ, чунки уларнинг ҳам ишга боргиси келмайди», – деб кулишди яна бирлари.