Хитой Трамп маъмуриятини ўзаро тарифлардан бутунлай воз кечишга чақирмоқда

ASTANА. Кazinform – Хитой Савдо вазирлиги АҚШнинг смартфонлар каби айрим маҳсулотларни глобал ўзаро тарифлардан озод қилиш ҳақидаги қарорига изоҳ берди.

Хитой Трамп маъмуриятини ўзаро тарифлардан бутунлай воз кечишга чақирмоқда
Фото: Report

АҚШ президенти Дональд Трамп Шарқий соҳил вақти билан 12 апрель куни компьютерлар, смартфонлар, яримўтказгичлар ишлаб чиқариш ускуналари ва интеграл микросхемалар ўзаро тариф сиёсати бўйича ўрнатилган божлардан озод этилишини эълон қилди.

Шу муносабат билан Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлигининг расмий сайти 13 апрель куни баёнот берди.

Баёнотда қайд этилишича, АҚШ расмийлари савдо ҳамкорларига нисбатан юқори тарифлар жорий этиш тўғрисидаги қарорни амалга оширишни 90 кунга кечиктиргач, тегишли сиёсатга иккинчи тузатиш киритмоқда.

— Албатта, бу АҚШнинг бир томонлама ўзаро тариф сиёсати хатосини тузатиш йўлидаги кичик қадамдир, — дейилади баёнотда.

Вазирлик АҚШни маъмурий фармон орқали ўзаро тарифлар жорий қилгани учун танқид қилди.

– Бу ҳаракат иқтисодиёт ва бозор қонунларига зид бўлиб, давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка, талаб-таклиф муносабатларига эътиборсизлик сифатида қаралади. Ўзаро тарифлар АҚШнинг ички муаммоларини ҳал қилмади, аксинча, халқаро савдо тартибини қўпол равишда бузди ва корхоналар ишлаб чиқаришига ва аҳоли турмушига салбий таъсир кўрсатди. Бу бошқаларга зарарли, ўзи учун ҳам яхши эмас, — дейилади баёнотда.

Баёнотда Хитойнинг томонлар ўртасидаги савдо алоқалари бўйича позицияси доимо изчил бўлгани таъкидланган. Хитой томони АҚШни халқаро ҳамжамият ва маҳаллий саноат вакилларининг вазмин чақириқларига қулоқ тутишга, хатосини тузатиш учун аниқ ва катта қадамлар қўйишга, ўзаро тарифлар бўйича ўзбошимчалик билан қарордан бутунлай воз кечишга, келишмовчиликларни ўзаро ҳурмат ва тенг мулоқот асосида ҳал этишнинг тўғри йўлига қайтишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ  Хитой АҚШ товарларига божларни 125 фоизга оширганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар