Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланди
ASTANA. Kazinform – Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси бўйича ҳукуматлараро битим имзоланганидан деярли бир йил ўтиб, асосий магистраль қурилиши расман бошланди.

Синьхуа ахборот агентлиги хабарига кўра, Қирғизистондаги Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг асосий объектлари – Фарғона, Норин-1 ва Кош-Тўбў туннеллари қурилиши апрель ойи охирида бошланган. Бу лойиҳанинг ҳақиқий қурилиш босқичига кирганлигини англатади.
Ушбу учта туннель ҳам бир йўналишли, бир полосали бўлиб, ҳар бирининг узунлиги камида 10 километрни ташкил қилади. Бу туннеллар Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг энг муҳим стратегик қисмлари ҳисобланади. Агентлик маълумотларига кўра, лойиҳа баланд тоғли, кескин иқлими, сейсмик фаоллиги, геологик босими юқори, релефи мураккаб, транспорт ҳаракати қийин бўлган ҳудудда амалга оширилмоқда ва қурилиш ишлари осон кечмаслиги маълум.
Ўтган йилнинг июнь ойида Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари темир йўл лойиҳаси бўйича ҳукуматлараро битим имзолаган эди. Шундай қилиб, 27 йил давомида қолдирилган темир йўл лойиҳаси ниҳоят амалга оширилди.
Lianhe Zaobao нашрининг ёзишича, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони ҳудудидаги Қашғар шаҳридан бошланиб, Торғат довони орқали Қирғизистонга ўтади. Кейин Қирғизистоннинг чегарадош Жалолобод шаҳри орқали Ўзбекистон шарқидаги Андижон шаҳрига йўл олади.
Ушбу темир йўлнинг умумий узунлиги 523 километрни ташкил қилади. Келажакда темир йўл линияси Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Европага ҳам чўзилиши мумкин. Экспертларнинг фикрича, ушбу лойиҳа Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари ва бошқа минтақалар билан ҳамкорлигини чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ўтган йили Пекин шаҳрида Хитой Халқ Республикаси, Қирғиз Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.