Хитой авиакомпаниялари Қозоғистонга парвозларни оширмоқда

ҚР Транспорт вазирлиги Фуқаро авиацияси қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Тимур Тлегенов Қозоғистонга мунтазам йўловчи қатновларини амалга оширувчи Хитойнинг «Air China», «China Southern Airlines» ва «Loong Airlines» авиакомпаниялари вакиллари билан учрашди, деб хабар беради Kazinform Фуқаро авиацияси қўмитасига таяниб.

самолет
Фото: Шағирбаев Мақсат/Kazinform

Учрашувда «China Southern Airlines» компанияси 2024 йил 23 январдан бошлаб янги Алмати – Пекин йўналиши бўйича ҳафтасига 3 та рейсни ташкил этишни режалаштираётганини маълум қилди.

Шу билан бирга, агар талаб ортиб борса, «China Southern Airlines» 2024 йилнинг баҳор-ёз мавсумидан бошлаб Алматидан Урумчи ва Сиань шаҳарларига, шунингдек, Астанадан Урумчига мавжуд йўналишлар бўйича рейслар сонини оширишни кўриб чиқишга тайёр.

Ўз навбатида «Loong Airlines» шу йил декабрь ойида Алмати – Ханчжоу йўналиши бўйича рейслар сонини ҳафтасига 3 тадан 4 тагача оширишни режалаштирмоқда. Келгуси йилда йўловчилар оқими кўпайса, авиакомпания рейслар сонини ҳафтасига 7 тага етказишни режалаштирган.

Авиакомпания 2024 йилда Астана – Ханчжоу, Астана – Ченду ва Алмати – Ченду ҳаво йўналишларида рейсларни очиш масаласини ҳам ўрганмоқда.

Бундан ташқари, «Air China» Астана – Сиань – Пекин йўналиши бўйича амалга ошириладиган рейслар сонини ҳафтасига 2 тадан 3 тагача ошириш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, авиакомпания Сиань шаҳрига қўнмасдан тўғридан-тўғри икки пойтахт ўртасида ҳафтасига учинчи рейсни амалга ошириш масаласини ҳам кўриб чиқади.

Умуман олганда, 2024 йилнинг баҳор-ёзги навигация даврида Хитой авиакомпаниялари томонидан амалга ошириладиган давлатлар ўртасидаги рейслар сони амалдаги ва янги ҳаво йўналишлари бўйича ҳафтасига 30 та рейсгача ошиши кутилмоқда.

Сўнгги хабарлар