18:52, 09 Июль 2025 | GMT +5
Ҳиндистонда самолёт асаларилар тўдаси туфайли уча олмади
Асаларилар галаси самолёт танасини қоплаб, Ҳиндистондаги парвозни кечиктирди. Бу ҳақда Times of India нашри хабар бермоқда, деб ёзади aniq.uz.

IndiGo авиакомпаниясининг Суратдан Жайпурга рейси 7 июль, душанба куни кечқурун учиши керак эди, бироқ камида 50 дақиқага кечиктирилди. Багажни юклаётган авиакомпания ходимлари биринчи бўлиб самолётнинг юк омбори атрофида айланиб юрган асалариларни пайқаб қолишган ва дарҳол авиакомпания ва аэропорт ходимларини огоҳлантирган.
"Биз бу ҳақда аэропорт ўт ўчириш бригадасига хабар бердик. Улар асалариларни олиб ташлаш учун ўт ўчириш машинасидан сув оқимидан фойдаланишди", - деди аэропорт вакили.
Унинг сўзларига кўра, ўт ўчирувчилар илгари бундай ҳолатга дуч келмаган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.