ХАМАС Исроилнинг гуманитар пауза ҳақидаги таклифини рад этди

Ғазо сектори
Фото: Abed Rahim Khatib/dpa

ХАМАС Исроилнинг бир ҳафталик оташкесим ва 40 маҳбусни озод қилиш таклифини рад этди, деб хабар беради Каzinform агентлиги Wall Street Journalга таяниб.

Нашрнинг ёзишича, ҳарбийлар қўмондонлиги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги келишув кучга киргунга қадар исроиллик асирларни қайтариш масаласини муҳокама қилишдан қатъиян рад этади.

Гуруҳнинг сиёсий қаноти раҳбари Исмоил Хония Миср разведкаси билан учрашувда ХАМАС қарорини маълум қилди. У Қоҳирага ўт очишни тўхтатиш ва Ғазо секторига етказиладиган гуманитар ёрдам миқдорини ошириш бўйича келишиб олиш учун келганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 19 декабрь куни Исроил президенти Ицхак Герцог 80 мамлакат элчилари ва дипломатлари олдида сўзлаган нутқида ўз мамлакати ХАМАС ҳаракати билан янги ўт очишни тўхтатиш ва Ғазо секторига қўшимча гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича музокараларга очиқ эканини маълум қилган эди.

Исроил-Фаластин зиддиятлари

Жорий йил 7 октябрда Фаластиннинг ХАМАС ташкилоти Исроилга қарши операция бошлади. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига бостириб кирди. ХАМАС бу операцияни босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига қилинган ҳужумга ва Исроилнинг фаластинликларга нисбатан зўравонликларини кучайтирганига жавоб эканлигини айтди.

Ўз навбатида, Исроил ХАМАСга қарши масъулиятли операция бошлади, натижада Ғазо секторида аҳоли оммавий қирғин қилинди. 27 октябрь куни Исроил қуруқликдаги қўшинлари билан Ғазога ҳужум қилиш учун ҳаракат қилди.

Бугунги кунда Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси эксклавнинг тўлиқ қамал қилингани сабабли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар етишмаслигидан азият чекмоқда. Минглаб бинолар, жумладан, касалхоналар, масжидлар ва черковлар шикастланган ёки бутунлай вайрон бўлган.

24 ноябрь куни эрталаб кучга кирган ХАМАС ва Исроил ўртасидаги “Инсонпарварлик сулҳ”и 1 декабрь тонгида якунига етди. Шу кунларда ҳар икки томон ўнлаб асирларни алмашишди.

Муваққат сулҳнинг тугаши билан Исроил Ғазога қарши ҳужумларини давом эттирди.

Декабрь ойининг биринчи ўн кунлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазога ҳужуми оқибатида 17,7 минг киши ҳалок бўлган.

Сўнгги хабарлар