Халқаро коалиция вертолёти Ироқ шимолида ҳалокатга учради

АММАN. Kazinform – Ироқда «Исломий давлат»га қарши курашаётган АҚШ бошчилигидаги халқаро коалицияга тегишли вертолёт пайшанба куни парвоз пайтида ҳалокатга учради. Ҳодиса Ироқ Курдистони пойтахти Эрбил яқинида юз берди, дея хабар беради Kazinform коалиция баёнотига таяниб.
None
Фото: pixabay.com

«2023 йил 27 июль куни соат 12:15 да коалиция қўшинлари вертолёти мунтазам машғулотлар ўтказаётган пайтда Ироқнинг Эрбил шаҳри яқинида ҳалокатга учради», – деди коалиция раҳбарияти.

«Коалиция аъзолари жабрланмаган, коалициянинг ўзига ёки фуқаролик инфратузилмасига ҳеч қандай зарар етмаган. Коалиция Ироқ ҳукумати билан объект ва тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун ишламоқда. Вазиятни баҳолаш давом этяпти», – дейилади хабарда.

Халқаро коалиция 2014 йилда «Исломий давлат» халқаро террорчилик ташкилотига қарши «Мутлақ қарор» операциясида иштирок этиш учун тузилган, у АҚШ бошчилигидаги 20 та давлатдан иборат иттифоқдир.

2021 йил охирида Вашингтон Ироқдаги фаол жанговар миссияни якунлаганини эълон қилди. Айни пайтда мамлакатда 2500 га яқин АҚШ аскари ва бошқа коалиция аъзоларидан яна 1000 та аскар бор, уларнинг вазифаси маҳаллий хавфсизлик кучларини тайёрлаш ва маслаҳат бериш.

Халқаро коалиция кучлари 2017 йилда Ироқда ва икки йилдан кейин Сурияда ИШИДни мағлуб этишга ёрдам берди, бироқ экстремистик гуруҳ ячейкалари ҳамон ҳар икки давлатда ҳужумлар уюштирмоқда.

Сўнгги хабарлар