Халқаро эксперт Қозоғистоннинг янги Сув кодексини юқори баҳолади
ASTANА. Кazinform – Халқаро сув ресурсларини бошқариш институтининг Марказий Осиё бўйича катта илмий ходими Искандар Абдуллаев Қозоғистонда қабул қилинган янги Сув кодексига юқори баҳо берди. Бу ҳақда ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги маълум қилди.

Экспертнинг фикрича, Қозоғистоннинг сув қонунчилигини модернизациялаши Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун ижобий мисолдир.
– Янги Сув кодекси Қозоғистон тажрибаси ва илғор халқаро тажрибани ўзида мужассам этган кенг қамровли ҳужжатдир. У иқлим ўзгариши ва сув ресурсларининг шаклланиши учун ўзгарувчан шароитларни ҳисобга оладиган кўплаб янги элементларни ўз ичига олади. Шу нуқтаи назардан қараганда, ушбу ҳужжат Марказий Осиё мамлакатлари учун сув қонунчилигини янгилашда яхши намуна бўла олади. Сув хўжалиги доимий равишда ривожланиб бормоқда ва у билан бирга янги вазифалар пайдо бўлади. Уларни енгиш учун мустаҳкам институционал асос керак, – деди Искандар Абдуллаев.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 июнидан янги Сув кодекси кучга кирди.
Ҳужжатни ишлаб чиқишда Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги бешта асосий тамойилга таянган. Улар: сувни атроф-муҳитнинг ажралмас қисми, фуқаролар ҳаётининг асоси ва иқтисодий ривожланиш пойдевори сифатида эътироф этиш, сувни муҳофаза қилиш ва унинг камайиб кетишининг олдини олиш, ер усти ва ер ости сувларидан комплекс фойдаланиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга жамиятни жалб қилиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда сув хўжалиги ходимларининг иш ҳақи 50 фоизгача оширилиши ҳақида хабар берган эдик.