Греция давлат хизматчилари 24 соатлик иш ташлашга чиқди
ASTANA. Kazinform – Афинадаги иш ташлаш жамоат транспорти ишини тўхтатди, дея хабар беради Анадолу агентлиги.

Грецияда ишчилар ва давлат хизматчилари ҳукуматдан яшаш нархи ошишига қарши чора кўришни талаб қилиб, 24 соатлик иш ташлаш эълон қилди.
Ишчилар касаба уюшмалари конфедерацияси (GSEE) ва Давлат хизматчилари конфедерацияси (ADEDY) чақириғидан сўнг, турли соҳалардаги ходимлар 24 соат давомида ишни тўхтатдилар.
Иш ташлашни Греция Коммунистик партияси ва унга қарашли PAME касаба уюшмаси ҳам қўллаб-қувватлади. Иш ташлаш Афина ва бошқа йирик шаҳарларда жамоат транспорти ишини тўхтатди.
Маълум қилинишича, темир йўл ва денгиз алоқа тизимлари бутунлай тўхтатилган. Барча поездлар тўхтатилди, кемалар портларда қолдирилди. Ҳаво қатнови ҳам чекланган.
Иш ташлаш билан бирга Афинада ҳам норозилик намойиши бўлиб ўтди. Шаҳар марказида йиғилган минглаб ишчи ва хизматчилар нархларнинг ошиши ва иш ҳақининг пастлиги билан боғлиқ ўз талабларини билдириб, парламент биноси томон юришди.
Пенсионерлар 2009 йилда бошланган иқтисодий инқироз даврида бекор қилинган 13 ва 14-пенсияларни қайтаришни талаб қилишди.
Акция давомида Фаластин билан ҳамкорлик масаласи ҳам кўтарилди.
Исроил ҳужумига қарши намойишчилар Фаластин байроқларини кўтариб олдилар. Худди шундай норозилик намойишлари мамлакатнинг бошқа шаҳарларида, жумладан Салоникида ҳам бўлиб ўтди.