Google афсонаси Петер Норвиг Қозоғистоннинг дадил қадамини эътироф этди
Сунъий интеллект соҳасида дунёга машҳур олим, машҳур Google Research бўлимининг собиқ раҳбари, «Artificial Intelligence: A Modern Approach» дарслигининг ҳаммуаллифи Петер Норвиг Қозоғистон технология, таълим ва фан тизимларидаги ислоҳотларни юқори баҳолади. У бу фикрни Қозоғистон Президенти ҳузуридаги СИни (сунъий интеллект) ривожлантириш бўйича кенгашда иштирок этганидан кейин билдирди.
ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги маълумотларига кўра, Норвиг Қозоғистонга машҳур хитойлик бизнесмен ва Сингапур инвестиция фонди Sinovation Ventures асосчиси Кай-Фу Лининг таклифига биноан келди. Кенгашда жаҳон даражасидаги мутахассислар, ҳукумат амалдорлари, олимлар ва технологлар иштирок этдилар.
Петер Норвиг ўз нутқида шундай деди:
«Қозоғистон - нефтга бой мамлакат. Бироқ бу мамлакат ўз иқтисодий тузилмасини сунъий интеллект йўналишига дадил ўзгартираётган кам сонли мамлакатлардан биридир. Бу - тарихий трансформация. Мамлакат демографияси ёш, ёшлар технологияга жуда иштиёқли. Таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Қозоғистонда 30 га яқин хорижий университетларнинг филиаллари фаолият юритади. Бу минтақа учун ноёб кўрсаткичдир», - деди Норвиг.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, Қозоғистон ўзининг иммиграция сиёсатини тўғри қўллашга муваффақ бўлган. Хорижий талабалар мамлакатга оқиб келмоқда ва маҳаллий ёшлар халқаро даражадаги дастурлар орқали рақобатбардош мутахассисларга айланмоқда.
Унинг фикрича, бундай ёндашув инсон ресурсларини мустаҳкамлаш ва технологик ривожланишни тезлаштириш имконини беради.
Мутахассис шунингдек, Қозоғистоннинг стартап экотизимига ҳам тўхталди:
«Стартаплар кўпинча венчур капитали билан эмас, балки давлат грантлари билан қўллаб-қувватланади. Бу - бошқа мамлакатлардан фарқли, бироқ самарали модель. Биринчи "яккашохлар" (қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган стартаплар) пайдо бўла бошлади. Энг муҳими, ҳукуматнинг узоқ муддатли, аниқ йўналиши бор. Давлат жамиятни бу йўналиш тўғри эканлигига ишонтиришга муваффақ бўлди, - деди у.
Унинг фикрича, Қозоғистон ҳукуматининг изчил сиёсати, технологияларга стратегик инвестициялар ва очиқ мулоқотни ўрнатишга интиладиган сиёсий маданият мамлакатнинг инновацион муҳитини жадал ривожлантирмоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Питер Норвиг — Кремний водийсининг рамзига айланган шахслардан бири. 2000-2012 йилларда у Google қидирув тизимида етакчи тадқиқот ва ишланмалар ишларини бошқарган. Бундан ташқари, у Стэнфорд университетида ўқитувчи бўлиб ишлаган ва NASAда сунъий интеллект лойиҳаларида иштирок этган. Унинг «Artificial Intelligence: A Modern Approach» дарслиги дунёнинг 20 дан ортиқ тилларида нашр этилган ва 150 дан ортиқ мамлакатларнинг ўқув дастурига киритилган.
Қозоғистонда сўнгги йилларда сунъий интеллект ва рақамли трансформация мавзулари давлат даражасида муҳокама қилинмоқда. Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан сунъий интеллектни ривожлантириш кенгаши ташкил этилди ва мамлакатнинг иқтисодий келажагини технология орқали мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.