Германияда карантин енгиллаштирилгандан сўнг коронавирус авж олиб кетди
Роберт Кох институтининг маълумотларига кўра, базавий репродуктив индекс R 1,1дан юқори бўлган. Бу дегани, энди 10 бемор 11 кишига касаллик юқтиради.
Илгари, кўпайиш тезлиги бундан камроқ эди. Коронавирус мамлакатда 169 мингдан ортиқ одамда аниқланган. COVID-19 вируси 7 395 кишини ҳаётига зомин бўлди, 144 минг одам соғайиб чиққан.
Сўнгги кунларда Шимолий Рейн-Вестфалия ва Шлезвиг-Гольштейн федерал штатларидаги гўштни қайта ишлаш заводларида инфекциянинг кўпайиши кузатилмоқда. Ҳукумат ушбу корхоналарни ёпишга мажбур бўлди.
6 май куни Германия канцлери Ангела Меркель ва 16 федерал штатлар раҳбарлари чекловларни енгиллаштиришга келишиб олгандилар. Бироқ, ҳукумат раҳбари янги инфекция ўчоқлари кузатиладиган жойлар карантин режимига қайтишини маълум қилди.
Шу муносабат билан мамлакатда пандемия билан боғлиқ чеклов чораларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Штутгартдаги намойишчилар уларнинг эркинлиги таҳдид остида эканлигини ва коронавирус келтирган таҳдид бемаънилик эканлигини айтишмоқда.