Германия сунъий интеллектни ривожлантиришда янги босқичга чиқмоқчи

ASTANA. Kazinform – Германия 2030 йилга бориб сунъий интеллект мамлакат иқтисодиёти даромадининг тахминан 10 фоизини таъминлашини мақсад қилган.

Германия ЖИИ-ді дамытуда серпіліс жасауды жоспарлап отыр
Фото: Pixabay.com

Иқтисодчилар мамлакатда меҳнат унумдорлигини ошириш учун сунъий интеллектни тезроқ жорий этишга чақирмоқда. Шу мақсадда Германия 2027 йилгача Европа Иттифоқи молиялаштируви асосида сунъий интеллект учун “гигафабрикалар” қуришни режалаштирмоқда.

Европа комиссияси СИ учун мўлжалланган ушбу “гигафабрикалар”ни барпо этиш учун ЕИ маблағидан 20 миллиард евро ажратди.

Европа Иттифоқи таъкидлашича, дунёда сунъий интеллект соҳасида рақобат кучайиб бормоқда. Бу соҳада Хитой, АҚШ ва Ҳиндистон пешқадам ҳисобланади. Германия ва ЕИ эса уларни қувиб етишга интилаётганини маълум қилмоқда.

“Сунъий интеллектни жорий этиш орқали биз 2030 йилгача иқтисодий ишлаб чиқаришимизнинг 10 фоизини айнан ушбу технология асосида таъминлашни ва СИни асосий илмий тадқиқот воситасига айлантиришни истаймиз”, – дейилади Германиянинг Тадқиқотлар вазирлиги тайёрлаган стратегия лойиҳасида. Ушбу ҳужжат билан Reuters агентлиги таништирган.

Лойиҳага кўра, Европа Иттифоқи ҳудудида юқори унумдор маълумотларни қайта ишлаш марказларини қуриш учун аризалар қабул қилинмоқда ва улар 2027 йилгача ишга туширилиши режалаштирилган. Германия федерал ҳукумати бу аризаларни саноат вакиллари, мутахассислар ва федерал ерлар билан ҳамкорликда шу йил охиригача мувофиқлаштиришни мўлжалламоқда.

Йил бошида қабул қилинган коалициявий келишувга кўра, Германия ҳукумати мамлакат ҳудудида камида шундай бир марказни барпо этиш ниятида.

Германия стратегияси, шунингдек, квант ҳисоблаш соҳасидаги илғор мақсадларни ҳам ўз ичига олади: ҳужжатда 2030 йилгача икки дона “хатоларни тузатишга қобил квант компьютери” яратилиб, фойдаланувчилар учун очиқ бўлиши кераклиги айтилган.

Ҳукумат ушбу стратегияни шу ой охиригача тасдиқлашни режа қилмоқда. Ҳужжатда АҚШ ва Хитойни СИ соҳасида қувиб етиш учун дадил мақсадлар белгиланган.

Шунингдек, жорий йил Германияда квант алоқасига бағишланган илк тадқиқот спутнигини учириш режалаштирилган.

“Бу рақобатбардошлик афзалликлари билан бирга муайян боғлиқликлар ҳам келтириб чиқаради”, — дейилади ҳужжатда.

Шунингдек, Германиядаги сунъий интеллект бўйича тадқиқотлар робототехника, машинасозлик, автомобилсозлик ва кимё саноати каби тармоқлар билан яқин ҳамкорликда амалга оширилиши лозимлиги таъкидланган.

Сўнгги хабарлар