Гарвард университети Трамп маъмуриятини судга берди
ASTANA. Kazinform – Гарвард университети душанба куни АҚШ федерал судига университет дастурлари учун ажратиладиган маблағни 2 миллиард доллардан кўпроқ ҳукумат томонидан қисқартирган Трамп маъмуриятига қарши даъво аризаси билан мурожаат қилди, деб хабар беради BBC.

Ўтган ҳафта Гарвард университети Дональд Трамп маъмуриятининг DEI (хилма-хиллик, тенглик ва инклюзивлик) сиёсати билан боғлиқ барча дастурларини тўхтатиш ва кампусда ниқоб кийишни тақиқлаш талабларини қабул қилмади.
Бунга жавобан расмийлар Гарвардга федерал молиялаштиришни аввал ажратилган 9 миллиард доллардан 2,2 миллиард долларга қисқартириб, университетни солиқ имтиёзлари ва халқаро талабаларни қабул қилиш имкониятидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилди.
Дональд Трамп ўз ваколати бошидан бери таълим муассасаларида сўл мафкура ва антисемитизмга қарши фаол кураш олиб бормоқда. У Ғазо можароси бошланганидан бери коллежлар кампусларида кучайган оммавий аксил-Исроил норозиликларини ана шундай тенденцияларнинг акси деб билади.
Худди шундай талаблар Принстон ва Колумбия каби бошқа бир қатор университетларга ҳам қўйилган. Бироқ Гарвард университети маъмуриятнинг хатти-ҳаракатларига судда биринчи бўлиб эътироз билдирган.