Гаагадаги саммитда НАТО давлатлари нимани муҳокама қилади
ASTANA. Kazinform – 2025 йил 24-25 июнь кунлари Нидерландиянинг Гаага шаҳрида НАТО – Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотининг юқори даражадаги саммити бўлиб ўтади. Қандай масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилгани ҳақида Kazinform агентлигининг махсус мухбири маълум қилди.

Саммитда НАТОга аъзо 32 давлат раҳбарлари, ҳарбий блокнинг шерик мамлакатлари ҳамда Европа Иттифоқи етакчилари – жами 45 та давлат ёки ҳукумат раҳбари, 45 та ташқи ишлар вазири ва 45 та мудофаа вазири иштирок этиши кутилмоқда. Умумий ҳисобда тахминан 6 минг делегат ва 2 минг журналист иштирок этади. Эътиборли етакчилар қаторида АҚШ президенти Дональд Трамп, Франция президенти Эммануэль Макрон, Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер бор.
Саммит НАТОнинг янги Бош котиби Марк Рютте учун биринчи йирик тадбир бўлади. У меҳмонларни ўз ватани – Нидерландияда қарши олади.
Кун тартибидаги асосий масала
Жорий саммитнинг энг муҳим мавзуси – НАТО давлатларининг мудофаа харажатларини ошириш масаласи. Аъзо мамлакатларга ЯИМнинг 5 фоизи миқдорида мудофаа харажатлари ажратиш таклиф қилинган: 3,5% – асосий мудофаа эҳтиёжларига, 1,5% – хавфсизлик ва киберинфратузилмага.
АҚШ президенти Дональд Трамп бу таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлади, гарчи Америка ўзи бу 5% меъёрга амал қилмаслигини таъкидлаган бўлса ҳам. Америка нуқтаи назаридан, НАТО аъзолари энди ўз мудофаа қобилиятини мустақил равишда кучайтириши, АҚШга суянишни камайтириши керак.
Бироқ ҳарбий блокқа аъзо барча давлатлар ҳам бу харажат даражасига чиқишга тайёр эмас. Масалан, Испания Бош вазири Педро Санчес бу таклифни “асоссиз” деб атади ва харажатлар масаласида эластик ёндашув тарафдори эканини билдирди. Дунёдаги иқтисодий вазият инобатга олинганда, баъзи давлатлар учун мудофаа харажатларини ошириш осон кечмайди.
2024 йилда НАТОга аъзо 32 давлатдан 23 таси 2014 йилда қўйилган мақсад – ЯИМнинг 2%ини мудофаага йўналтиришга эришган. Европа мамлакатларининг кўпчилиги харажатларни ошириш зарур деб ҳисобласа-да, Трамп томонидан таклиф қилинган 5% кўплаб иттифоқдошлар учун реал бўлмаган ва номувофиқ кўринди. Шу боис НАТО расмийлари бу мажбуриятни оқилона ислоҳ қилиш зарурлигини муҳокама қилмоқда.

Мақсад – НАТО имкониятларини қайта тақсимлаш
Марк Рюттега кўра, асосий мақсад – 2032 йилгача АҚШдан ташқари аъзо давлатлар НАТО имкониятларининг 70%ини таъминлаши. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич 56%ни ташкил этади. Шу мақсадда у 5%ни иккита қисмга ажратишни таклиф қилмоқда: 3,5% – Уэльс саммитида белгиланган каби бевосита мудофаа харажатлари; 1,5% – ҳимоя инфратузилмаси, чегара ва соҳил хавфсизлиги, киберхавфсизлик, дронлар каби икки мақсадли воситаларга йўналтирилган билвосита харажатлар.
Бу ёндашув АҚШ расмийлари билан мувофиқлаштирилган бўлса-да, Трампни қониқтирадими-йўқми – ҳозирча ноаниқ. У аввал ҳам 5%нинг тўлиқ “реал мудофаа харажатлари”дан иборат бўлиши кераклигини талаб қилган.
Ҳатто 3,5%гача харажатларни ошириш ҳам Италия, Испания каби давлатлар учун оғирлик қилиши мумкин, чунки уларда Германиядаги каби захира йўқ, ёки Польша ва Балтика давлатларидаги каби мудофаага нисбатан ижобий муносабат мавжуд эмас.
АҚШнинг молиявий ҳиссаси камайиши мумкин
Шу шароитда АҚШнинг НАТО бюджетига ҳиссаси 16%дан деярли нол даражага туширилиши мумкин. Америка ОАВ маълумотларига кўра, Давлат департаменти бу борадаги сарфларни деярли яримга қисқартиришни режалаштирмоқда. Трампнинг ўзи ҳам НАТОга харажатларни кескин қисқартиришни таклиф этган. Бу эса Европа иттифоқдошларини 3,5 миллиард долларлик камомад билан қолдириши мумкин. Ушбу камомадни тўлдириш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлади.
Мудофаа саноатини мустаҳкамлаш
Саммит доирасидаги яна бир муҳим тадбир – 24 июнь куни НАТОга аъзо давлатлар ҳамда Индо-Тинч океани минтақасидаги ҳамкор мамлакатлардан мудофаа вазирлари ва саноат раҳбарлари иштирокида ҳарбий блокнинг Мудофаа саноати форуми бўлади.
Ушбу ҳамкорлар мудофаа саноатини кенгайтириш, жадаллаштириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, НАТОнинг тийиб туриш ва ҳимоя салоҳиятини сақлаб қолиш учун инновацион ечимлар муҳокамасини олиб борадилар.
Форум Нидерландия Мудофаа вазирлиги ҳамда НАТО томонидан, мамлакатнинг Иш берувчилар конфедерацияси ва Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилади.

Жамоат форуми: НАТО сиёсатига жамоавий қараш
Гаагадаги саммит давомида Нидерландия ҳукумати Атлантика комиссияси, Клингендаль институти ва Гаага стратегик тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда НАТОнинг Жамоат форумини ҳам ўтказади.
Форум аҳоли ўртасида НАТО сиёсати ва мақсадларини тушунишни ошириш, саммитда қабул қилинадиган қарорларни кенг жамоатчиликка етказиш, очиқ мулоқот ва турли ижтимоий гуруҳлар билан ўзаро ҳамкорликни таъминлашга қаратилган.
Унда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро хавфсизлик соҳасидаги мутахассислар, жамоатчилик фикрини шакллантирувчи шахслар, олимлар ва журналистлар қатнашиб, кун тартибидаги долзарб мавзулар юзасидан панель муҳокамалари, дебатлар ва интерактив сессияларда иштирок этади.
Қисқа ва мазмунли хулоса ҳужжати
Newsweek нашри маълумотига кўра, АҚШ президенти маъмурияти саммит якунида қабул қилинадиган НАТО коммюникесининг қисқа ва мазмунли бўлишини талаб қилмоқда. Европа манбалари маълум қилишича, ҳозирги лойиҳада Украина мудофаа қобилияти ҳақида фақат бир марта сўз юритилган.
Европалик таҳлилчилар фикрича, бу орқали саммит иштирокчилари олдидаги асосий вазифа – АҚШ раҳбариятининг янги ёндашувларини ҳисобга олган ҳолда НАТО ҳарбий иттифоқининг келажагини белгилашдир.