ФАО: Жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари сўнги 18 ой ичидаги энг юқори кўрсаткичга етди

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳисоботига кўра жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари октябрь ойида сўнги 18 ой ичидаги энг юқори кўрсаткичга етди. Бу, асосан, ўсимлик мойлари нархининг кескин кўтарилиши билан боғлиқдир, деб ёзади xs.uz.

торговля, продукты
Фото: gov.kz

ФАО Озиқ-овқат нархлари индекси (халқаро бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархидаги ойлик ўзгаришларни кузатиб борувчи индекс) октябрь ойида 127,4 баллни ташкил этди. Бу кўрсаткич сентябрь ойига нисбатан 2,0 фоиз ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,5 фоизга юқори бўлсада, 2022 йил март ойидаги энг юқори кўрсаткичдан ҳозирча 20,5 фоиз пастроқдир.

Нархларнинг асосий ошишига сабаб бўлган ФАО ўсимлик мойлари индекси октябрь ойида 7,3 фоизга кўтарилиб, сўнги икки йил ичидаги энг юқори кўрсаткичга етгани, бунга пальма, соя, кунгабоқар ва рапс мойлари нархларининг ошиши сабаб бўлди.

Шунингдек, ФАО дон нархлари индекси ҳам 0,9 фоизга ўсди, бу буғдой ва маккажўхори экспорт нархларининг ошишига боғлиқлиги билан изоҳланган.

Маккажўхорининг дунё нархлари ҳам кўтарилди, бунга қисман ички талабнинг юқорилиги ва Бразилиядаги дарё сатҳининг пастлиги туфайли транспорт муаммолари сабаб бўлди. Аксинча, барча гуруч нархлари индекси октябрь ойида 5,6 фоизга пасайди.

ФАОнинг шакар нархлари индексининг ўртача қиймати октябрь ойида кетма-кет иккинчи ойга ўсиб, 129,6 пунктни ташкил этди. Бу сентябрь ойидагидан 3,3 пунктга (2,6 фоизга) юқори, аммо барибир ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 29,6 пунктга (18,6 фоизга) паст.

Бразилияда 2024 – 2025 йилги мавсумда давом этаётган қурғоқчилик шароитида ишлаб чиқариш истиқболлари бўйича хавотирлар сақланиб қолаётгани сабабли октябрь ойида шакар нархлари ўсди. Бундан ташқари, жаҳон бозорида нефть нархларининг ўсиши Бразилияда этанол ишлаб чиқариш учун шакарқамишни кўпроқ ишлатишга олиб келди ва бу ҳам шакар нархлари ўсишига таъсир қилди.

ФАО сут маҳсулотлари нархлари индекси октябрь ойида 1,9 фоизга ошиб, ўтган йилгига нисбатан 21,4 фоизга юқори бўлди. Бу ўсиш асосан халқаро миқёсда пишлоқ ва сариёғ нархларининг ошиши билан боғлиқ бўлса, қуруқ сут нархлари пасайишда давом этди.

ФАО гўшт нархлари индексининг ўртача қиймати октябрь ойида 120,4 пунктни ташкил этди, бу сентябрь ойига нисбатан 0,3 фоизга паст, лекин ўтган йилдагидан 8,4 пунктга (7,5 фоизга) юқори.

Энг катта пасайиш чўчқа гўшти нархларида кузатилди, бу Ғарбий Европада чўчқа гўштига талабнинг сустлиги билан изоҳланади. Жаҳон парранда гўшти нархи октябрь ойида бироз тушган бўлса, қўй гўшти нархи барқарор бўлди. Шу билан бирга, қорамол гўшти нархи халқаро харидларнинг ортиши туфайли ўртача ўсди.

Сўнгги хабарлар