Европада сўнгги 500 йил ичида мисли кўрилмаган қурғоқчилик юз берди - олимлар
«Айниқса, Италия, Испания, Португалия, Франция, Германия, Нидерландия, Бельгия, Люксембург, Руминия, Венгрия, Сербия, Украина, Молдова, Ирландия ва Буюк Британия каби мамлакатларда қийин вазият юзага келди. Бу қитъа ҳудудининг жами 47 фоизини ташкил этади ва шу ёзда тупроқ бутунлай қуриб кетди», — деб ёзади ҳисобот муаллифлари.
Қитъанинг яна 17 фоизи тўлиқ қуриб кетиш арафасида ва у ерда ҳар қандай ўсимликни сақлаб қолиш имконияти жуда паст.
Бир неча минтақаларда қурғоқчилик расман эълон қилинган Буюк Британияда дарахтлардаги барглар август ойида аллақачон каштан рангига эга бўлган. Олимлар тушунтирганидек, дарахтлар намликнинг ҳалокатли етишмаслигини кузнинг эрта келиши сифатида «қабул қиладилар».
Ҳисоботда, қурғоқчилик экинларга катта таъсир кўрсатиши, ўрмон ёнғинлари хавфини сезиларли даражада ошириши ва Европанинг айрим жанубий минтақаларида иссиқлик яна бир неча ой давом этиши ҳақида огоҳлантирилади.
Ўтган беш йилликнинг ўртача кўрсаткичи билан таққослаганда, бу йилги дон маккажўхори ҳосили бўйича ЕИ прогнозлари - 16%, соя - 15%, кунгабоқар - 12% паст бўлади.
«Афтидан, ҳозирги қурғоқчилик сўнгги 500 йилдаги энг кенг тарқалган қурғоқчиликдир», - дейилади марказ ҳисоботида.
Фан бўйича комиссари Мария Габриелнинг сўзларига кўра, қитъани қамраб олган жазирама бутун Европа Иттифоқида сув таъминотида мисли кўрилмаган тарангликни келтириб чиқарди.
«Биз ўрмон ёнғинлари сони ўртачадан анча юқори ва ҳосилга жиддий таъсир кўрсатаётганини кўриб турибмиз. Шубҳасиз, глобал иқлим ўзгариши йил сайин сезиларли бўлиб бормоқда», — деди у.
Экологларнинг фикрича, Европанинг деярли барча дарёлари у ёки бу даражада қуриб қолган. Улар шунчалик саёз бўлиб қолдики, ер юзида «оч тошлар» пайдо бўлди - булар энг оғир қурғоқчилик пайтида, дарёлар анча саёзлашганда сув устида пайдо бўладиган ёзувлари бўлган тошлар. Бир неча асрлар давомида бундай тошлар дарёлардаги сув сатҳининг кескин пасайишининг ўзига хос белгиси бўлиб хизмат қилди.
Навигацияга аниқ зарар етказишдан ташқари, дарёларнинг қуриши ҳам энергия ишлаб чиқаришга таъсир қилади. Ҳисоботга кўра, Европада гидроэнергетика ишлаб чиқариш 20 фоизга камайди.
Йил давомида кўплаб мамлакатларда кучли қурғоқчилик кузатилди, аммо август ойининг бошидан вазият ёмонлашди. Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган Европа мамлакатларида кучли жазирама жорий йилнинг ноябригача давом этиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда экологлар.
Фото: EPА