Европа лигаси финали: "Тоттенхэм" “Манчестер Юнайтед”ни мағлуб этди
ASTANA. Kazinform — Икки Англия жамоасининг учрашуви “Тоттенхэм”га чемпионлик ва Чемпионлар лигаси йўлланмасини олиб келди, деб хабар беради Кazinform агентлиги мухбири.

Европа лигаси финалида “Тоттенхэм” – “Манчестер Юнайтед” учрашуви якунига етди. Жамоалар Испаниянинг Бильбао шаҳридаги 53 000 ўринли “Сан-Мамес” стадионида ўйнашди.
Ушбу футбол учрашуви Европа турнирлари тарихида ҳал қилувчи баҳсда фақат Англия клублари тўқнаш келган олтинчи учрашув бўлди. Учрашувни 44 ёшли германиялик рефери Феликс Цвайер бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб борди. Учрашув “Тоттенхэм”нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувдаги ягона гол 42-дақиқада “Тоттенхэм” ярим ҳимоячиси Бреннан Жонсон томонидан киритилди. Натижада “Тоттенхэм” ўз тарихида учинчи марта Европа Лигаси кубогини қўлга киритди. Аввалроқ, Лондон клуби футболчилари ушбу кубокни 1972 ва 1984 йилларда бошлари узра кўтарган, ўшанда турнир UEFА кубоги деб аталган.
Ғолиб келаси мавсумда ҳам UEFА Чемпионлар лигасида иштирок этишини таъминлади, мағлубиятга учраган жамоа учун эса жорий мавсумни омадсиз деб ҳисоблаш мумкин: “Манчестер Юнайтед” Англия Премьер-лигасида 16-ўринда.
Умуман олганда, “Тоттенхэм” Европа лигасида иштирок этгани учун UEFAдан 40 миллион евродан ортиқ маблағ олади, шунингдек, UEFА Чемпионлар лигасининг умумий босқичида иштирок этиш ҳуқуқи туфайли қўшимча 18,6 миллион еврони қўлга киритди.
Қайд этиш жоиз, Европа Лигаси кубоги 15 килограммни ташкил этади ва UEFА томонидан бериладиган барча мукофотлар ичида энг оғир ҳисобланади. Асл нусха доимий равишда ташкилотнинг бош қароргоҳида сақланади ва ғолиб жамоага тўлиқ ўлчамдаги нусха берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Лигаси финалида “Тоттенхэм” ва “Манчестер Юнайтед” тўқнаш келиши ҳақида хабар берган эдик.