Европа касаба уюшмалари Брюсселда йирик митинг ўтказди

Кеча Брюсселда Бельгия ва Европанинг бошқа мамлакатларидаги касаба уюшмаларининг 5 минг нафар аъзоси иштирокида намойиш бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Европа касаба уюшмалари Брюсселда йирик митинг ўтказди
Фото: The Associated Press

Намойишчилар соат 10:00 да Европа пойтахти марказида йиғилиб, шаҳарнинг асосий кўчалари бўйлаб соат 13.30 гача юришди. Тадбир Бельгия касаба уюшмалари ва уларнинг Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари – Франция, Италия ва Литвадаги ҳамкасблари томонидан ташкил этилди. Ташаббусчиларнинг асосий мақсади ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва Европа Комиссияси томонидан кўриб чиқилаётган Барқарорлик ва ўсиш пактига қарши норозилик билдириш эди.

Ушбу ҳужжат Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида солиқ ва бюджет сиёсати бўйича келишувни ифодалайди. Европа Комиссияси айни дамда 2024 йилга мўлжалланган Европа барқарорлиги ва ўсиш пактини муҳокама қилмоқда, у келгуси йил учун молиявий қоидаларни белгилайди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, Европа Иттифоқи давлатлари иқтисодий сиёсатни, жумладан, бюджетни қисқартириш ва солиқларни оширишга қаратилган “тежамкорлик” деб аталган сиёсатни олиб бориши керак бўлади.

Аммо Европа Иттифоқининг 45 миллион аъзосини ифодаловчи Европа касаба уюшмалари конфедерациясининг айтишича, янги Барқарорлик ва ўсиш пакти Европа Иттифоқига аъзо 14 давлатни келгуси йил бюджетини қисқартиришга мажбур қилади.

Уларнинг фикрича, қисқаришдан давлат сектори (таълим, соғлиқни сақлаш) ва аҳоли зарар кўради. Шу муносабат билан намойишчилар коронавирус пандемияси даврида бюджетни қўллаб-қувватлаш билан таққосланадиган Европа бирдамлик механизмини яратишни талаб қилмоқда.

Катта митинг Белгия пойтахтида транспорт қийинчиликларига сабаб бўлди. Бундан ташқари, маҳаллий транспорт компаниялари ходимлари ҳам намойишда қатнашишга қарор қилгани сабабли Брюсселда жамоат транспорти фаолияти тўхтатилди.

Муаллиф: Арнур Раҳимбеков

Сўнгги хабарлар