Европа Иттифоқининг илмий тадқиқотларни молиялаштириш дастури Марказий Осиё билан ҳамкорликни давом эттиради
ТASHKENT. Кazinform - Европа Иттифоқи илмий тадқиқот ва инновацияларни молиялаштириш дастури Марказий Осиё билан ҳамкорликни давом эттиради. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган семинарда иштирок этган минтақа давлатлари ва Европа мутахассислари фикр билдирди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.
«Horizon Europe» - Марказий Осиё минтақаси учун машҳур дастур. Бунгача минтақадаги 42 лойиҳа ва 62 ташкилотни молиялаштирган. Илмий тадқиқотлар ва инновацион ташаббусларнинг бир қисми Қозоғистонда ҳам амалга оширилди.
“Назарбоев университетида «Horizon Europe» дастури доирасида яшил энергия соҳасида янги лойиҳалар амалга оширилди. Муҳандислик ва кимё факультети ўз таклифини тақдим этди ва ғолиб чиқди. Бундан ташқари, мазкур таълим муассасасининг давлат сиёсат мактабида ижтимоий-гуманитар йўналишдаги тадқиқотлар қўллаб-қувватланди”, — деди Фан фонди бошқаруви раиси ўринбосари Алия Сембаева.
Ҳозирда дастурнинг янги босқичидаги лойиҳалар молиялаштирилмоқда. Ташкилотнинг 2027 йилгача бўлган умумий бюджети тахминан 95,5 миллиард еврони ташкил қилади. Унинг бир қисми Қозоғистон ва Ўзбекистон олимларига таклиф этилмоқда.
Тошкентда бўлиб ўтган семинарда «Horizon Europe» вакиллари халқаро ҳамкорлик муҳимлигини таъкидладилар. Танловда иштирок этиш ва илмий ишларни такомиллаштириш йўллари тушунтирилди.
“Дастурнинг имкониятлари кенг. Барча соҳаларга маблағ жалб қилиш мумкин. Бироқ, биз барқарор энергетика секторига устувор аҳамият берамиз. Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам худди шу йўналишда лойиҳалар таклиф қилган. «Horizon Europe» халқаро ҳамкорлик асосида олимларнинг энергетика соҳасидаги тадқиқотлари ва инновацияларини сезиларли даражада илгари суришга ёрдам беради”, — деди «SECCA» лойиҳасининг Европа дастурлари бўйича эксперти Наталья Шатиришвили.
Ўтган йили бундай учрашув илк бор Қозоғистонда ташкил этилган эди. Келгусида Ўзбекистондан ташқари Туркманистон ва Қирғизистонда ҳам давом этади. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи вакиллари Марказий Осиёда энергетикани ривожлантиришда иштирок этиб, олимлар ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.
“Ушбу тадбир «Horizon Europe» дастури имкониятларини кенг тушунтиришга бағишланди. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган „SECCA“ лойиҳаси учун барқарор энергетикани ривожлантириш муҳим эканини айтмоқчиман. Ўз навбатида, дастурнинг бешинчи кластери - иқлим, энергия ва транспорт билан ишлашни тавсия қиламиз. Семинар икки давлат олимлари учун бир йўналишдаги ишларни тизимлаштириш, тажрибаларини оширишга йўл очади”, — деди „SECCA“ лойиҳасининг энергетика сектори эксперти Илзе Пуриня.