Европа Иттифоқида тезюрар темир йўл тармоғини яратиш режалаштирилган
ASTANA. Kazinform - Нонушта Парижда, тушлик Франкфуртда, кечки овқат Венада. 2050 йилга бориб тезюрар поездлар барча Европа пойтахтларини боғлаши керак. Бу ҳақда Kazinform агентлиги Euronewsга таяниб хабар беради.
Катта режа Брюсселдан Берлингача бўлган олти соатлик саёҳат чоғида темир йўл саноати вакиллари ва сиёсатчилар томонидан муҳокама қилинди.
Ҳамжамият мамлакатлари йўл инфратузилмаси учун 15 триллион евро ва темир йўлларни ривожлантиришга сезиларли даражада камроқ маблағ сарфладилар.
Айни пайтда, экспертларнинг фикрича, юқори тезликдаги тармоқ қурилиши миллионлаб иш ўринларини яратиши мумкин. Бундан ташқари, темир йўл транспорти экологик жиҳатдан қулайроқдир.
- Бизга янада самарали тармоқ керак. Биз Европа Комиссиясидан ҳаво транспорти билан адолатли рақобат бўлишимиз учун темир йўллар қурилишини субсидиялашга рухсат беришини истаймиз. Бугун ҳамма нарса адолатсиз. Икки транспорт тури ўртасида тенгроқ ўйин майдонини яратишимиз керак ва улардан энг яшили – поездни қўллаб-қувватлашимиз лозим, - дейди Бельгия транспорт вазири Жорж Жилкине.
Ҳозирча европаликлар темир йўлдан кўра ҳаво қатновини афзал кўришади. Чунки самолёт чипталари арзонроқ. Аммо яна бир муаммо бор.
- Турли сиёсий сабабларга кўра поэздда чегараларни кесиб ўтиш қийин, чунки халқаро йўналишларда миллий ҳукуматларнинг ҳам, миллий темир йўл компанияларининг ҳам устуворлиги мавжуд эмас. Шунинг учун мен Европа Иттифоқи қандайдир сиёсий чора кўришини истардим. Европа Иттифоқига шуни айтмоқчиманки, сиз ҳал қилишингиз керак бўлган муаммолар бор, - деди темир йўл транспорти бўйича мустақил эксперт Жон Уорт.