Эрон компанияси Қозоғистонда пишлоқ ва болалар овқатлари ишлаб чиқаради
ASTANA. Kazinform — Астанада Қозоғистон-Эрон бизнес-форуми бошланди. Тадбирда 500 га яқин иштирокчи, уларнинг юздан ортиғи эронлик тадбиркорлардир.
Форум доирасида Kazakh Invest миллий компанияси иккита ҳамкорлик шартномасини имзолашни режалаштирмоқда.

“Биринчи келишув - Эроннинг Solico Group компанияси билан имзоланади. Ушбу компания Қозоғистонда бир нечта лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган. Биринчи лойиҳа сут ва пишлоқ ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Ҳозирда Алмати вилоятида 16 гектар майдонда иншоотлар қурилиши бошланди. Инвестиция ҳажми тахминан 100-150 миллион долларни ташкил этади. Пишлоқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилгандан сўнг, лойиҳанинг иккинчи босқичи болалар овқатини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Solico Group - Эроннинг агросаноат соҳасида фаолият юритувчи энг йирик корпорацияларидан бири ҳисобланади”, — деди Kazakh Invest миллий компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Мадияр Султанбек агентликка берган интервьюсида.

Иккинчи шартнома Эроннинг Kavand Nahan Zamin компанияси билан тоғ-кон ва металлургия соҳасида имзоланади.

“Ўн йил олдин, 2015 йилда улар Қарағанди вилоятининг Ақтоғай туманидаги мис конини сотиб олишган эди. Ҳозир Қозоғистонда фаолият юритади ва йилига тахминан 5 минг тонна катод мис ишлаб чиқаради. Энди биз улар билан ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ҳажмларни ошириш ва қайта ишлаш даражасини ошириш бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолаймиз. Бугунги кунда юзлаб фуқароларимиз ушбу компаниянинг заводларида ишлайди. Агар ишлаб чиқариш кенгайса, яна минг ярим иш ўрни яратилади. Шунинг учун биз Эрон компаниялари билан ҳамкорлик қилишдан жуда мамнунмиз. Яқин Шарқдаги иқтисодиёти энг кучли ривожланган мамлакатлардан бири”, — дея хулоса қилди М. Султанбек.

Маърузачининг сўзларига кўра, Қозоғистонда Эрон капитали иштирокидаги 650 дан ортиқ ташкилот рўйхатдан ўтган. Бугунги кунда тўпланган инвестициялар ҳажми 200 миллион доллардан ошади.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатга расмий ташриф билан келган Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиённи Ақордада кутиб олгани ҳақида хабар берган эдик.