Ерлан Қошанов Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси билан учрашди
ASTANA. Kazinform — Мажилис раиси Ерлан Қошанов Астана шаҳрига расмий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева билан учрашди, деб хабар беради Мажилис матбуот хизмати.

Томонлар парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилдилар ва икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги парламентлараро мулоқот тобора кенгайиб бормоқда. Жорий йилнинг ўзида икки давлат парламентлари раҳбарлари турли форумларда бир неча бор учрашувлар ўтказди.

Олий даражадаги музокаралар бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг Қозоғистонга расмий ташрифи доирасида давом этди.
Учрашувда Ерлан Қошанов ўзбек халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклаб, қардош биродарликка фаровонлик тилади.
“Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги кун тартиби кенгаймоқда. Ҳамкорлигимиз стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида жадал ривожланмоқда. Бу, албатта, Президентларимизнинг машаққатли меҳнати самарасидир”, — деди Е.Қошанов.

Стратегик шериклик парламентлар даражасида жадал ривожланишда давом этмоқда. Парламентлараро алоқалар - икки давлат раҳбарларининг келишувларини амалга оширишнинг муҳим механизмларидан биридир. Шу боис депутатлар бунга алоҳида аҳамият бериб, яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
“Давлат раҳбарлари учрашувларининг суръати ва самарадорлиги парламентлараро алоқаларимиз моҳиятини белгилаб беради. Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилда Қозоғистонга ташрифи чоғида Президентларимиз барча келишувлар ижросини парламентлар назорат қилиши керак, деган умумий фикрга келди. Шу тариқа Парламентлараро ҳамкорлик кенгашини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бугунги кунда Кенгаш самарали ишламоқда. Кенгашнинг Тошкент ва Алмати шаҳарларида икки марта сессиясини ўтказдик. Президентларимиз ўртасидаги барча келишувлар парламент аъзолари назоратида. Умуман, депутатларимизнинг ҳар бир учрашуви икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга ўзгача суръат бағишлайди”, — деди Е.Қошанов.
Ўз навбатида, Танзила Норбоева Қозоғистон томонига меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама парламентлараро алоқалар бундан буён ҳам мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

“Кўп масалаларда қарашларимиз ўхшаш. Ва биз ҳар доим бир-биримизни қўллаб-қувватлаганмиз. Президентларимиз ҳам шу йўлдан боришади. Бу фуқароларимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун шароит яратиш, тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдан иборат. Раҳбарларимиз ўз олдига 2030 йилгача икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича улкан вазифа қўйган. Бунинг учун барча имкониятлар мавжуд. Мақсадимиз – Президентларимиз келишувларини амалга ошириш учун қонунчилик базасини яратиш”, – деди Танзила Норбоева.
Аввал хабар қилинганидек, Президент Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоевани қабул қилди.