Эрдоған: Туркия Россия ва Украина ўртасида музокаралар ташкил этишга тайёр
ASTANА. Кazinform — Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар беради Аnadolu агентлиги.

Бу ҳақда Туркия президенти маъмурияти ҳузуридаги Алоқа бошқармаси маълум қилди.
Мулоқотда Туркия-Россия муносабатларининг ҳолати, минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинди.
Туркия раҳбари Россия президентининг Истанбулда Россия ва Украина ўртасидаги музокараларни қайта бошлаш ташаббусини олқишлади.
Эрдоған Анқара Россия ва Украина ўртасидаги можарони барқарор ҳал этишга қаратилган музокаралар ташкил этишга тайёрлигини билдирди.
Президент Эрдоған тинчликка эришиш учун имкониятлар ойнаси очилганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, кенг қамровли тинчликпарварлик амалиёти тинчлик музокаралари учун зарур шарт-шароит яратади.
Кремль матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат чоғида Россия президентининг 15 майдан бошлаб Истанбулда тўғридан-тўғри Россия-Украина музокараларини қайта бошлаш ташаббуси атрофлича муҳокама қилинган.
— Режеп Таййип Эрдоған бу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва Истанбулни музокаралар ўтказиш жойи сифатида таклиф қилишга тайёрлигини билдирди. Туркия томони мустаҳкам тинчликка эришишга қаратилган музокараларни ташкил этиш ва ўтказиш учун максимал даражада ёрдам беради, — дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, Россия президенти Москвада Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар ва шу кунларда ўтказилган олий даражадаги халқаро учрашувлар ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
Давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни, жумладан, энергетика соҳасидаги стратегик қўшма лойиҳаларни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканликларини билдирдилар.