Энди Ўзбекистонда врач ва фармацевтларга малака тоифасини бериш аттестациялари онлайн шаклда ўтказилади

TASHKENT. Kazinform - Аттестацияларни ZOOM дастури орқали онлайн шаклда ўтказиш тартиблари ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Kazinform Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беради.
None
Фото: ssv.uz

Соғлиқни сақлаш вазирининг 2023 йил 5 сентябрдаги тегишли буйруғи билан Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази ҳузуридаги врачлар ва фармацевтларга малака тоифасини бериш бўйича аппеляция комиссияси ва жами 39 та тиббий йўналишдаги ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари таркиби тасдиқланди.

Маълум қилинишича, мазкур янги тартиб шу йил сентябрь ойидан бошлаб синов тариқасида врач ва фармацевтларга, 2024 йил 1 январдан бошлаб эса барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларига босқичма-босқич татбиқ этилади.

«ZOOM дастури орқали оғзаки имтиҳон (суҳбат) ўтказиш Тошкент шаҳри ва вилояти учун Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази биносида зарур қурилмалар билан жиҳозланган хоналарда, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги мутахассислар учун Марказнинг ҳудудлардаги ана шундай хоналарида ўтказилади», - дейилади вазирлик хабарида.

Имтиҳон жараёнида талабгор учун «Random» дастури орқали тасодифий тарзда билет танланади.

Билетлар 5 та саволдан иборат бўлиб, уларга жавоб бериш учун кўпи билан 15 дақиқа вақт берилади ва 10 баллик тизимда баҳоланиши таъкидланмоқда.

Имтиҳон якунида «Random» дастури умумий балларнинг ўртача қийматини ҳисоблаб беради ва ўша заҳоти эълон қилади.

Сўнгги хабарлар