Елена Рибакина United Cup жамоавий турнирини ғалаба билан бошлади

ASTANА. Кazinform - Австралиянинг Сидней ва Перт шаҳарларида аралаш жамоалар ўртасидаги United Cup турнири бўлиб ўтмоқда.

Рибакина
Фото: olympic.kz

Қозоғистон терма жамоаси С гуруҳида Испанияга қарши баҳс олиб боради.

Қозоғистоннинг биринчи ва дунёнинг 6-ракеткаси Елена Рибакина ўзининг дастлабки ўйинини 54-ўриндаги Жессика Бузас Манейрога қарши ўтказди.

Биринчи сетда 4:0 ҳисобида олдинда бораётган қозоғистонлик теннисчи бу устунликни сақлаб қолди – 6:2.

Иккинчи сетда ҳисоб 3:2 бўлиб турганида Елена брейк қилишга муваффақ бўлди - 4:2. Кейин эса матчга тўп берганида ҳам ўз имкониятини қўлдан бой бермади – 6:3.

Бир соату 18 дақиқа давом этган мусобақада қозоғистонлик спортчи бешта брейк-пойнтдан тўрттасини ишлатди. Испаниялик теннисчи 1 брейк (10 брейк-пункт) билан ажралиб турди.

Бу жорий йилда мураббий алмаштирган ва хорватиялик мутахассис Горан Иванишевич билан машғулот ўтаётган Е.Рибакина учун янги мавсумдаги илк ўйин бўлди. Ўтган йили бу вақтда у Брисбен WTA 500 турнирида ғолиб чиқди. Бу йил Е. Рибакина United Cup жамоавий мусобақасида иштирок этишни маъқул кўрди.

Қозоғистон терма жамоаси учун биринчи бўлиб кортга чиққан жаҳоннинг 78-ракеткаси Александр Шевченко дунё рейтингида 196-ўринни эгаллаб турган Пабло Каррено-Бустага 2:6, 1:6 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу учрашув 1 соату 4 дақиқа давом этди.

Ҳозирча Қозоғистон - Испания учрашувида ҳисоб тенг - 1:1.

Бугун ўзгаришлар бўлмаса, жуфтлик баҳсларида ҳам Е. Рибакина ва А.Шевченколар мамлакат шарафини ҳимоя қилади.

Қозоғистон ўтган йили илк бор United Cupда иштирок этганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Елена Рибакина мамлакат шарафини ҳимоя қилиш ўзгача туйғу бағишлашини айтгани ҳақида ёзган эдик.

Сўнгги хабарлар