Душанбеда Қозоғистон киноси кунлари бошланди
ASTANА. Кazinform – Тожикистон пойтахтида Қозоғистон киноси кунлари бошланди. Дастурга сўнгги йилларда маҳаллий режиссёрлар томонидан суратга олинган энг яхши асарлар киритилган.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Қозоғистоннинг Тожикистондаги Элчиси Уалихан Тўреханов икки мамлакатни нафақат стратегик шериклик, балки маънавий қадриятлар, кўп асрлик дўстлик, ўзаро тушуниш ва ҳурмат боғлаб туришини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, маданият, айниқса кино халқлар ўртасидаги мулоқотни чуқурлаштиришда муҳим рол ўйнайди.
– Бугун биз тожик томошабинларига замонавий қозоқ фильмларини тақдим этамиз. Бу асарлар истеъдодли режиссёрлар ва актёрлар томонидан яратилган ва халқимизнинг бой маданияти, тарихи, руҳи ва замонавий ҳаётини гўзал акс эттиради, – деди қозоғистонлик дипломат.
Ўз нутқида “Тожикфильм” киностудияси директори Маҳмадсаид Шоҳиёнов қозоқ киноси ҳар доим ўзининг юқори профессионаллиги, чуқур мазмуни ва самимийлиги билан ажралиб туришини таъкидлади.
— Қозоғистонлик режиссёрларнинг фильмлари нафақат халқаро фестивалларда мукофотларга сазовор бўлади, балки Тожикистон халқи қалбидан ҳам жой олмоқда, — деди у.
Кино кунларининг очилиш фильми режиссёр Серикбол Ўтепбергеновнинг “Ватанпарварлар вақти” фильми бўлди.
— Биз ўз фильмимизни тожик томошабинларига тақдим этишдан мамнунмиз. Асар қаҳрамонлик ва жасорат, Ватанга садоқат, оилавий қадриятлар ва муҳаббат ҳақида ҳикоя қилади, деди — бош аёл ролини ижро этган Зарина Хаджиметова Кazinformга берган интервьюсида.
Томошабинлар шунингдек, қозоғистонлик полвон Ҳожимуқон Мунайтпасов ҳақидаги "Полвон. Ҳожимуқон - жаҳон чемпиони" биографик фильмини ва буюк қозоқ қўшиқчиси Амире Қашаубаевнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган "Амире" фильмини томоша қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда буюк қозоқ шоирлари, мутафаккирлари ва олимларининг китоблари тақдимоти ўтказилди.