Даволаш жараёнида қозоғистонликларнинг соғлиғига етказилган зарар қопланади

ASTANA. Кazinform – қозоғистонликларга тиббий ёрдам олиш чоғида соғлиғига етказилган зарар қопланади. Бундай норма «Тиббиёт ходимларининг касбий жавобгарлигини суғурта қилиш тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасида назарда тутилган. Бу ҳақда парламент депутати Ғалимжан Елеуов маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.
None

Соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли ўзгартиришлар ҳозирда Мажилисда кўриб чиқилмоқда. Уларнинг қабул қилиниши натижасида соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ошади.

«Тегишли қонун лойиҳаси Давлат раҳбари томонидан Халқ ишончи Миллий кенгашининг учинчи йиғилишида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Президент тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий ва молиявий ҳимояси ҳамда жавобгарлигини, жумладан, касбий фаолиятини кафолатловчи тизимни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича топшириқ берди.

«Фуқаролар саломатлиги ва соғлиқни сақлаш тизими тўғрисида»ги ва Жиноят кодексига, шунингдек, «Қозоғистон Республикасининг Давлат мукофотлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Умуман олганда, киритилган ўзгартиришлар тиббиёт ходимларининг мавқеини ошириш, беморларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган, – дейди парламент депутати, тиббиёт фанлари номзоди, доктор Ғалимжан Елеуов.

Қонун лойиҳаси доирасида тиббиёт ходимларининг касбий жавобгарлигини амалдаги суғурта компаниялари орқали суғурта қилиш тизими ишлаб чиқилди.

«2023 йилдан тиббий ташкилотнинг ўзи суғурталовчи бўлади, 2025 йилдан эса тиббий ташкилот ва тиббиёт ходими суғурта бадалларини тенг улушларда тўлайди. Бу умумий касбий жавобгарликка олиб келади. Шу билан бирга, тиббиёт ташкилоти беморлар ёки уларнинг қариндошларидан келиб тушган мурожаатларни ички аудит хизмати даражасида медиатсия ва ихтисослаштирилган тиббиёт бирлашмаларини жалб қилган ҳолда кўриб чиқади. Агар келишмовчилик бўлса, шикоятлар экспертиза хулосасини бериш учун тиббий ва фармацевтика назорати қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига топширилади», — деди депутат.

Шунингдек, қонун лойиҳасида тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг касбий вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги учун Жиноят кодексининг 317-моддасида назарда тутилган жиноий ҳуқуқбузарликларни инсонпарварлаштириш, жазо чораларини камайтириш таклиф этилмоқда.

Тузатишларга давлат ва идоравий мукофотлар ҳам киритилган. Улар: бир марталик тўлов билан «Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган шифокор» унвони, «Энг яхши мутахассис» республика кўрик-танлови ғолиби.

Айни пайтда қонун лойиҳаси жамоатчилик фаоллари ва шифокорлар иштирокида тузилган ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилмоқда.

Сўнгги хабарлар