Давлат раҳбарига мамлакатдаги криминоген вазият ҳақида ахборот берилди
ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари ҚР Ички ишлар вазири Ержан Саденовни қабул қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Қасим-Жомарт Тоқаевга мамлакатдаги криминоген вазият, ички ишлар органларига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши, жумладан, "Қонун ва интизом" тамойилини ўрнатиш бўйича ишлар ҳақида ахборот берилди.
Ержан Саденов мамлакатда жиноятлар сони 10 ой ичида 5,3 мингга камайганини ва жиноятларни очиш даражаси яхшиланганини таъкидлади.
Оилавий-маиший жиноятларга қарши кураш фаол олиб борилмоқда. Профилактик ишлар натижасида маиший жиноятлар сони 8 фоизга, жумладан, қотиллик билан боғлиқ ҳолатлар 26 фоизга камайди.
Президентга тақдим этилган маълумотларга кўра, 1391 нафар қидирувда бўлган шахс ҳибсга олинган. Улардан 138 нафари чет элда қўлга олинган. Тезкор чоралар давомида 30 тоннадан ортиқ гиёҳванд моддалар, жумладан, бир тоннадан ортиқ синтетик моддаларнинг муомалага киришининг олди олинди.
Уюшган жиноятчиликка қарши кураш доирасида оғир ва ўта оғир жиноятларга алоқадор 185 та жиноий гуруҳ қўлга олинди. Интернетдаги фирибгарликка қарши кураш доирасида 12 та қўнғироқ маркази йўқ қилинди. Улардан 7 таси чет элда жойлашган эди. Тахминан 83 миллион фрод-қўнғироқ ва 4 мингта фирибгар сайт блокланди. Шунингдек, фирибгарларнинг мамлакатдан 2,3 миллиард тенге олиб чиқиб кетишининг олди олинди.
Давлат раҳбарига йўл ҳаракати хавфсизлиги ва қонунийликни таъминлаш учун жорий этилаётган рақамли ечимлар тақдим этилди. Масалан, дронлар ёрдамида 6 мингдан ортиқ йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, ўртача тезликни ўлчаш тизимлари ёрдамида эса 190 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланди. Кўрилган чоралар натижасида йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ҳолатлари 9,4 фоизга, жумладан, маст ҳайдовчилар томонидан содир этилган ҳолатларда 24 фоизга камайди.
Egov mobile ва етакчи банкларнинг иловаларига интеграциялашган "Қонун ва интизом" мобил хизмати ишга туширилганидан бери фуқаролардан 32 мингдан ортиқ аризалар қабул қилинди.
Шунингдек, Давлат раҳбарига экстремизмга қарши курашиш ва миграцияни назорат қилиш чоралари ҳақида ахборот берилди.
Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда ҳуқуқий тартиб ва жамоат хавфсизлиги даражасини янада ошириш бўйича бир қатор аниқ кўрсатмалар берди.