Давлат раҳбари темир-бетон маҳсулотлари заводига ташриф буюрди

Давлат раҳбари Қизилўрда вилоятига амалий ташрифи чоғида темир-бетон маҳсулотлари заводига ташриф буюрди, дея хабар беради Кazinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Президент
Фото: Ақорда

“Қурилиш-транспорт компанияси” МЧЖ томонидан жорий йилда бошланган лойиҳанинг умумий қиймати - 2,6 миллиард тенге. Унинг 370 миллион тенгеси “Даму” тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан молиялаштирилди. Заводда кунига 200 куб метр темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқариш учун зарур хомашё маҳаллий маҳсулотлардан олинади.

Шу билан бирга, Давлат раҳбарига вилоятдаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган бошқа турдаги маҳсулотлар ҳам таништирилди. Уларнинг аксарияти қурилиш саноати учун зарур материаллардир. Хусусан, пластинка ойналари («OrdaGlass» МЧЖ), ПВХ қувурлар ва фитинглар («КНК Кемикал» МЧЖ), каскалар («NP-Consalting» МЧЖ), кафел ёпиштирувчи ва декоратив гипс (“Вега-Пром” МЧЖ), йўл ва тротуарлар бордюрлари, қум-керамзит блоклари («Садуакасов Ж.А» Х.К.), шағалнинг турли фракциялари («Shalkiya Dolomite Operating» МЧЖ), дераза ва ойналар («Комфорт KZ» МЧЖ), оҳак ("Орда Строй Маркет" МЧЖ), ғишт маҳсулотлари («Мелиоратор» МЧЖ) ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаради. «Dalatex» корхонасининг тўқимачилик маҳсулотлари, «Өркен Әлем» масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилган шахсий ҳимоя воситалари ҳам кўргазмага қўйилди.

Президент тадбиркорлар билан суҳбатда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

Вилоят ҳокими Нурлибек Налибаев Давлат раҳбарига ишлаб чиқариш масканида Қизилўрда вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатлари ҳақида ҳисобот берди.

Вилоят раҳбарининг таъкидлашича, Қизилўрда вилоятининг умумий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларида ўсиш кузатилмоқда. Жумладан, ишлаб чиқариш саноати 115,8 фоизга (227 миллиард тенге), қишлоқ хўжалиги 101,6 фоизга (157 миллиард тенге), қурилиш 126,4 фоизга (117 миллиард тенге), турар-жой бинолари қурилиши 118,9 фоизга (618 минг квадрат метр), авдо 104,1 фоизга (531 миллиард тенге) ўсди. Жорий йилда асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажмини 472 миллиард тенгега етказиш режалаштирилган. Унинг катта қисми хусусий инвестицияларга тегишли. “Қулай мактаб” миллий лойиҳаси доирасида яқин уч йилда вилоятда 27 мактаб қуриш режалаштирилган. Айни пайтда Қизилўрда шаҳрида физика-математика мактаб-интернати қурилмоқда.

Поликлиника ва онкология бўлимига эга 300 ўринли кўп тармоқли шифохона, Қон маркази қурилмоқда. “Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш” миллий лойиҳаси доирасида аҳоли пунктларида 27 та тиббиёт ва амбулатория муассасалари қурилмоқда;

Вилоятда қатор спорт ва ижтимоий-маданий иншоотлар барпо этилмоқда. Хусусан, 7 минг ўринли Марказий стадион, ёпиқ сузиш ҳавзасига эга кўп тармоқли жисмоний тарбия ва дам олиш мажмуаси қурилиши тез орада бошланади. Туманларда 11 та кичик жисмоний тарбия мажмуасини қуриш учун маҳаллий бюджетдан 2,6 миллиард тенге маблағ ажратилди. Вилоят марказида барпо этилаётган Санъат маркази йил охиригача юрт манфаати учун фойдаланишга топширилади.

Нурлибек Налибаевнинг айтишича, ҳудуд ҳаётини юксалтиришга маҳаллий тадбиркорлар ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда. Ҳомийлар кўмагида ижтимоий соҳа объектлари, истироҳат боғлари, болалар майдончалари барпо этиш, уй-жойларнинг фасадини таъмирлаш, ҳовлиларини ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Сўнгги хабарлар