Давлат раҳбари Республика штабининг йиғилишини ўтказди
ASTANА. Kazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида Сув тошқинларига қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва тошқин оқибатларини бартараф этиш бўйича Республика штабининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

– Бу йилги сув тошқинлари сўнгги 30 йилдаги энг йирик сув тошқинлари бўлган 2012 ва 2017 йиллардаги даражадан ошиб кетди. Бу нима дегани? Прогноз ишлари мутлақо йўқ эди. Вазият мутахассисларнинг етишмаслиги билан боғлиқ. Агар ҳокимликлар томонидан ҳар йили сув тошқинларига қарши режалаштирилган барча чора-тадбирлар об-ҳаво шароитини ҳисобга олган ҳолда ҳам етарли даражада амалга оширилганида, офатнинг оқибатлари ва кўлами бунчалик катта бўлмас эди. Шунга қараганда, ҳокимликлар бу ишлар билан шуғулланмаган. Сув тошқинлари хавфи йўқолди, дейиш мумкин эмас. Шу боис, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Қуролли Кучлар, Миллий хавфсизлик қўмитасининг барча куч ва воситаларини, жумладан, шахсий ва техник ресурсларни сафарбар этиш зарур. Шу билан бирга, волонтёрлар ва ёрдам бериш истагида бўлган фуқароларни жалб қилиш зарур. Бироқ, энг муҳими - давлат органлари. Вазият ҳар қандай вақтда ёмонлашиши мумкин. Ҳозирда асосий вазифа инсоний талофатларнинг олдини олишдир. Бу борада хато ва камчиликларни ҳисобга олишимиз керак, – деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев Ҳукумат, ваколатли давлат органлари ва вилоятлар ҳокимларига қатор топшириқлар берди.

- Сув тошқинидан жабрланганларга барча зарур ёрдам кўрсатилсин. Бунинг учун нафақат Ҳукумат ва ҳокимликларнинг захираларидан, балки “Қозоғистон халқига” жамғармаси маблағларидан ҳам фойдаланиш зарур. Ана шундай масъулиятли паллада юртимиздаги бизнес вакилларини халққа қўл чўзишга таклиф қиламан. Табиий офатдан жабр кўрган фуқаролар ва ҳудудларга максимал даражада ёрдам кўрсатилиши керак. Бу ҳозирги вақтда ҳамма учун умумий вазифадир. Ғарбий вилоятларда тошқин сувдан катта зарар кўрган йирик корхоналар кўп. “Самруқ-Қазна” жамғармасига қарашли компаниялар, ер қаърини ўзлаштирувчилар бор. Улар халққа ёрдам бериб, бузилган инфратузилмани тиклашда иштирок этишига ишонаман, – деди Давлат раҳбари.
Президент Ҳукумат эътиборини сув босган ҳудудларда ижтимоий аҳамиятга молик хизматлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошишининг олдини олиш муаммосига қаратди.
- Сув тошқинлари ва ёнғинлар ҳар йили такрорланади. Масъул органлар ва филиал хизматларининг (Қазсушар, Қазгидромет) лойиҳа ва экспертиза ишлари ёмон ташкил этилган. Адекват чоралар одатда вазият юзага келгандан кейин ёки тўлиқ башорат қилмасдан амалга оширилади. Шунинг учун бизга инқирозли вазиятларни башорат қилишнинг ҳақиқий механизми керак. Рақамли ривожланиш вазирлиги Экология, Сув хўжалиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари билан биргаликда йил охиригача барча юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни (сув тошқини, ёнғин ва ҳ.к.) моделлаштиришга имкон берувчи ахборот тизимини, прогнозлар, тавсиялар ва ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқсин. Дарвоқе, Ҳукумат ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, биринчи навбатда, вилоятлар ҳокимлари ёзги мавсумга шай бўлиши керак. Ёнғин ёки бошқа табиий офатлар жуда мумкин. Ҳозиргидек бепарво бўлмаслик, олдиндан ҳаракат қилиш керак. Сув тошқинларини кўриб, осмондан тушгандек саросимага тушдингизлар. Шу билан бирга, мамлакатнинг шарқий ҳудудларида сув тошқинларини моделлаштириш бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва «Қазақстан Ғарыш Сапары» миллий компаниясининг биргаликдаги иш тажрибасидан фойдаланиш мумкин, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент оқова сувлардан қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш бўйича режа ишлаб чиқиш ва самарали чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқлар берди. Унга кўра, ҳокимликлар аҳоли пунктларидан эриган қор сувларини дарё каналлари ёки сув омборларига йўналтиришлари керак.
Давлат раҳбари Ҳукумат томонидан тасдиқланган 2030 йилгача сув ресурсларини бошқариш тизимини ривожлантириш концепциясини танқид қилди. Унга кўра, концепцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси декларатив хусусиятга эга. Ҳужжат сув тошқинлари оқибатида юзага келадиган талофатларнинг олдини олиш ва камайтириш масаласини комплекс ҳал этишга имкон бермайди. Шунинг учун концепцияни қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.

- Ваколатли муассасалар, яъни ҳокимликлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув ресурслари вазирликлари ҳамкорлик қилмайди. Масъулиятни ўз зиммасига олишдан қочади. Улар ишни бир-бирларига ҳавола қиладилар. Агар шундай ҳолат давом этса, тегишли ходимлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши керак. Энг муҳим мезон - бу давлат хизматчиларининг самарадорлиги. Давлат органлари ва ҳокимликлар ўртасида аниқ ва доимий алоқа алгоритми мавжуд эмас. Тегишли вазирлик мамлакатнинг табиий офатларга тайёрлигини назорат қилиши керак. Вазирликнинг асосий мақсади ҳам шу. Бу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозим. Вазирлик гидротехник ва бошқа муҳим иншоотларнинг ҳолатини текшириб, тўғри маълумот бериши керак, - деди Президент.
Давлат раҳбари тошқинлар муаммоси бўйича халқаро тажрибани, бошқа давлатлар ёмғир сувидан қандай фойдаланаётганини пухта ўрганиш зарурлигини таъкидлади.
Учрашувда Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда сув ресурслари ва ирригация соҳаларида техник мутахассислар етишмаслигига эътибор қаратди. У Ҳукуматга бу борада шошилинч қарор қабул қилишни буюрди.
Йиғилишда Бош вазир Олжас Бектенов, Фавқулодда вазиятлар вазири Шинғис Аринов, Ақтўбе вилояти ҳокими Асхат Шаҳаров, Ғарбий Қозоғистон вилояти ҳокими Нариман Тўреғалиев, Қостанай вилояти ҳокими Қумар Ақсақалов, Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокими Ермек Кўшербаев, Қарағанди вилояти ҳокими Ермағанбет Бўлекпаев, Ақмола вилояти ҳокими Марат Ахметжанов, Шимолий Қозоғистон вилояти ҳокими Ғауез Нурмуханбетов, Улитау вилояти ҳокими Берик Абдиғалиули ва Абай вилояти ҳокими Нурлан Уранхаев маъруза қилди.

