Давлат раҳбари Пекин шаҳрида Абу Наср Ал-Форобий бюстини тантанали равишда очди
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ўзи таҳсил олган Пекин Тил ва маданият университетида ўрта аср файласуфи ва олими Абу Наср Ал-Форобий бюстининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар беради Каzinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.
Очилиш маросимида ХХР Таълим вазири ўринбосари Ван Гуанянь, университет партия қўмитаси котиби Ни Хайдун, ректор Дуан Пэн ва Давлат раҳбарига дарс берган университет профессори Лю Шицинь, шунингдек, ХХР Давлат санъат музейи директори, бюст муаллифи У Вэйшань иштирок этди.
Давлат раҳбари, аввало, Ал-Форобийнинг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
– Барчангизга маълумки, Ал-Форобий Шарқнинг буюк мутафаккири, жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Ал-Форобий Қозоғистон ҳудудида туғилиб ўсган, илм излаб кўплаб мамлакатларга борган. У математика, табиатшунослик, астрономия, филология ва бошқа қатор фанларнинг ривожланишига катта ҳисса қўшган. Инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Ўзининг фалсафий асарларида адолат ғоясига алоҳида эътибор берган. У саховатли жамият ва баркамол давлат яратиш муаммосига алоҳида урғу берди. У ахлоқий ва маънавий қадриятларни улуғлади. Олим мусиқа ва хаттотлик санъатини чуқур тадқиқ этган, - деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев замондошлари ҳар томонлама қомусий билимга эга Ал-Форобийни Арастудан кейинги “иккинчи устоз” деб атаганига эътибор қаратди.Давлат раҳбари олимнинг асарлари ҳар доим долзарб ва муҳим эканини та’кидлади.
– Унинг асарлари жаҳон онгининг олтин фондига қўшилган қимматли хазинадир. Ал-Форобий таваллудининг 1150 йиллиги ЮНЕСКОнинг муҳим кунлар глобал рўйхатига киритилган. Биз ушбу юбилейни 2020 йилда нишонладик. Халқаро илмий симпозиумлар, конференциялар ташкил этилди. Монография ва тўпламлар нашр этилди. Ҳужжатли филмлар суратга олинди. Буларнинг барчаси Ал-Форобий ижодини чуқур англаш имконини беради, унинг бой меросини ҳар томонлама тарғиб қилишга кенг йўл очади. Эндиликда файласуф ҳақидаги бир қатор илмий ишлар хитойлик олимлар ва ёшлар ихтиёрида бўлади. Аввало, Пекин Тил ва маданият университети ўқитувчилари ва талабалари ушбу қимматли маълумотлар билан танишишлари мумкин. Бу қувончли нарса. Бундан роппа-роса қирқ йил муқаддам ушбу таълим даргоҳида таҳсил олганман. Шу боис бугун Абу Наср Форобий бюстини очиш мен учун катта шарафдир, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари таълим муассасаларида буюк мутафаккир мероси ҳар томонлама ўрганилиши, бу орқали маданий алоқалар мустаҳкамланишига ишонч билдирди. Шунингдек, ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган Хитой Ҳукумати, Пекин Тил ва маданият университети, Хитой Давлат санъат музейи ва таниқли ҳайкалтарош У Вэйшанга ўз миннатдорчилигини билдирди.