Давлат раҳбари Мажилис раиси Ерлан Қошановни қабул қилди
ASTANA. Kazinform - Қасим-Жомарт Тоқаевга Президент ислоҳотларини қонунчиликда таъминлаш доирасидаги палата фаолияти ҳақида маълумот берилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Мажилис раисининг сўзларига кўра, сессия бошланганидан буён 31 та қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилган, 15 та қонун Президент томонидан имзоланган. Бюджет кодекси, биржа масалалари, наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун жазони кучайтириш, “Келешек” ягона ихтиёрий инкассация тизимини жорий этиш, судлар фаолиятини модернизация қилиш, маъмурий қонунчиликни такомиллаштириш ва бошқа кўплаб қонунлар шулар жумласидандир.
Айни пайтда депутатлар томонидан 71 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Солиқ, сув, қурилиш, рақамли кодлар ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уй-жой қурилишида акциядорлик, молия бозорини ривожлантириш, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси, почта алоқаси каби ҳуқуқий лойиҳалар бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Президентнинг Атирауда бўлиб ўтган Миллий қурултой йиғилишида берган топшириғига мувофиқ келин ўғирлаш учун жазони кучайтириш бўйича тузатишлар тайёрланяпти.
Депутатлар томонидан бюджет харажатлари устидан доимий равишда депутатлик назорати олиб бориляпти. Яқинда Олий Ҳисоб палатаси раисининг қишлоқ хўжалигига давлат субсидиялари самарадорлиги тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Спикернинг таъкидлашича, Мажилис қонун ижодкорлиги фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик ва экспертлар ҳамжамиятини кенг жалб этишга катта аҳамият беради. Жамоатчилик палатасининг мажлислари мунтазам ўтказиб турилади.
Барча партия фракциялари депутатлари, бир мандатли сайлов округларидан сайланган халқ вакиллари ўз сайловчилари билан тез-тез учрашувлар ўтказяпти, фуқароларни қабул қиляпти, ҳудудларга чиқяпти.
Мажилис раиси парламент дипломатияси йўналишидаги ишлар натижалари ҳақида маълумот берди.
Ерлан Қошанов “AMANAT” партиясининг “Ауыл аманаты” ва “Жер аманаты” лойиҳалари, шунингдек, Давлат раҳбари томонидан аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган «Қарызсыз қоғам» лойиҳалари ҳақида сўзлаб берди.