“Постсовет ҳудуд”даги мамлакатларнинг ҳеч бирида бундай меъёр йўқ - Давлат раҳбари бир марталик етти йиллик президентлик муддати ҳақида

ASTANА. Кazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев “Евросиё маконида барқарор ривожланиш ва хавфсизлик” конференциясида иштирок этди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Тоқаев
Фото: Ақорда

Президент ўз нутқида мисли кўрилмаган геосиёсий беқарорликда дипломатия ҳал қилувчи рол ўйнашини таъкидлади.

- Геосиёсат ва геоиқтисодиётдаги туб ўзгаришлар, глобал иқлим ва демографик муаммолар, пандемиянинг янги таҳдиди, қуролланиш пойгасининг кучайиши, технологик тараққиёт, жумладан, сунъий интеллектнинг жорий этилиши шароитида стратегик барқарорлик ва барқарор ривожланиш масалалари барчамиз учун долзарб бўлиб қолди. Хулоса аниқ: халқаро ҳамжамият конструктив мулоқотга янги туртки бериш учун кун тартибига ижобий ўзгартириш киритиши керак. Шундай экан, ягона Евроосиё хавфсизлиги ғояси кўп қутбли, адолатли ва барқарор дунё тартибини шакллантириш учун концептуал асос бўлиши мумкин, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари конференция иштирокчиларига Қозоғистонда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, сиёсий ислоҳотларнинг энг муҳим янгилиги Конституцияда Президент ваколатини бир муддат 7 йил билан чекловчи норманинг тасдиқланишидир.

- Бундай меъёр постсовет давлатларининг ҳеч бирида, ҳатто ундан ташқарида ҳам мавжуд эмас. Президентнинг етти йилга бир марта сайланиши унинг сайловолди дастури ва ислоҳотларини амалга ошириш учун етарли, деб ўйлайман. Қолаверса, Президент халқ томонидан ёлланган давлат хизматчисидир. Ишончим комилки, мамлакатимизда қонун ва тартиб ҳукм суриши керак. Шундагина биз ислоҳотларни амалга ошириш ва Қозоғистон иқтисодиётига сармоя жалб қилиш учун зарур шарт-шароитларни ярата оламиз. Қонун ва тартиб адолатли Қозоғистоннинг асосидир. Ҳар доим ва ҳамма жойда адолатга эҳтиёж бор. Мамлакатимизда ҳам худди шундай. Ислоҳотларни амалга ошириш қанчалик қийин бўлмасин, биз кўзлаган мақсадимизга эриша оламиз. Уни ҳеч ким тўхтатиш тугул, йўлдан адаштира олмайди, – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ва Россия халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда таълим соҳасининг муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Президентнинг сўзларига кўра, айни пайтда Россияда 60 мингдан ортиқ қозоғистонлик талаба таҳсил олмоқда.

– Бугунги кунда мамлакатимизда Россиянинг машҳур олий таълим муассасаларининг филиаллари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Қозоғистонда Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг филиалини очиш режалаштирилмоқда, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Ялпи мажлисда Россия Президенти ёрдамчиси Владимир Мединский анжуман иштирокчиларига Владимир Путиннинг саломини етказди.

Москва давлат халқаро муносабатлар институти ректори Анатолий Торкунов таълим муассасасининг 80 йиллиги муносабати билан ушбу тадбирни ташкил этгани учун Қозоғистонга миннатдорчилик билдирди.

– Конференция мавзусини тасодифан танлаганимиз йўқ. Шу фонда иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг анъанавий масалалари иқлим кун тартибининг янги вазифалари, шунингдек, Евроосиё маконида энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳолати билан биргаликда муҳокама қилинди, - деди Анатолий Торкунов.

Учрашувда Қозоғистон ва Россиянинг таниқли олимлари, дипломатик хизмат фахрийлари, давлат органлари ва муассасалари раҳбарлари, сиёсатшунослар, ёшлар ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Сўнгги хабарлар