Давлат раҳбари Маданият ва спорт ишлари вазирини қабул қилди

None
ASTANA. Кazinform – Давлат раҳбари ҚР Маданият ва спорт ишлари вазири Асхат Ораловни қабул қилди, дея хабар беради Кazinform Ақорда расмий сайтига таяниб.

Президентга топшириқларнинг бажарилиши ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, вазирликнинг маданият, спорт ва туризм соҳаларини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари ҳам тақдим этилди.

Давлат раҳбарига Алмати вилоятида спортчиларни Олимпиадага тайёрлаш бўйича Республика базаси қурилиши ҳақида маълумот берилди. Объект жорий йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. 2025 йилгача жами 113 та спорт иншооти қурилади. Шунингдек, вазир 2023-2029 йилларда Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ҳақида гапирди.

Бундан ташқари, Президентга Қозоғистон спортчиларининг бўлажак Осиё ва Олимпия ўйинларига тайёргарлиги ҳамда 2024 йилда мамлакатда бўлиб ўтадиган V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг ташкил этилиши ҳақида маълумот берилди.

Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғига кўра, 2025 йилгача маданият ва архив ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи босқичма-босқич оширилади.

Вазирлик маҳаллий муаллифларнинг театр асарлари сонини кўпайтириш ва қозоқ фильмларини суратга олишни режалаштирмоқда. Бу йил илк бор ёш ёзувчи ва шоирлар учун адабий мукофот тақдим этилади. Еттита республика маданият ташкилотига «миллий» мақом бериш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

Асхат Ораловнинг таъкидлашича, туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида Kids Go Free дастурида иштирок этиш учун туроператорларга қўйиладиган талаблар соддалаштирилди. Шунингдек, Қозоғистон фуқаролари учун туристик кэшбекни жорий этиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари ички ва ташқи туризмни янада рағбатлантириш, сармоя жалб этиш бўйича чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқлар берди. Президент оммавий спортни қўллаб-қувватлаш, спорт инфратузилмасини қулай қилиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатда жаҳон андозалари даражасидаги рақобатбардош маданиятни ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш ва бунёдкорлик тармоқлари базасини шакллантириш муҳимлигига эътибор қаратди.

Сўнгги хабарлар
telegram