Давлат раҳбари «Air Astana» авиакомпанияси президентини қабул қилди
Учрашувда Питер Фостер Қасим-Жомарт Тоқаевга миллий авиакомпаниянинг ҳозирги аҳволи ва уни ривожлантириш режаси, жумладан, ички рейслар билан йўловчилар ташиш ҳажмини орттириш, янги очилган хорижий рейслар, авиачипталар нархини арзонлаштириш чора-тадбирлари ҳақида гапириб берди.
Питер Фостернинг айтишича, «Fly Arystan» шўъба компанияси очилгандан бери Қозоғистон дунёда ички авиабозори энг катта суръат билан ривожланаётган давлатлар қаторига қўшилди.
Шу билан биргаликда у Қозоғистон Президентига компаниянинг авиапарки янгилангани, жумладан, «Boeing-757» самолётларининг узоқ парвозларга мўлжалланган «Airbus А321» лайнерларига алмаштирилаётгани ҳақида маълумот бериб ўтди. Бундан ташқари, 2023 йилгача «Boeing-787» самолётларини сотиб олиш режалари билан таништирди.
Давлат раҳбари «Очиқ осмон» режимини янада кенг жорий қилиш ва янги хорижий рейсларни очиш, жумладан, Сингапур, Нью-Йорк каби жаҳоннинг йирик шаҳарлари билан алоқа ўрнатиш муҳимлигини таъкидлади.
Қасим-Жомарт Тоқаев авиачипталар нархини арзонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди.