Дания ЕИ раислиги даврида болалар учун рақамли ҳимояга устувор аҳамият беради
ASTANА. Кazinform — Дания кейинги олти ой давомида Европа Иттифоқи Кенгашига раислик қилар экан, ЕИ йирик технология компаниялари таъсирини чеклашни ва биринчи навбатда рақамли муҳитда болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилишни мақсад қилган.

Шу ҳафта расман ишга киришган Дания ҳукумати европаликларнинг, айниқса, ёшларнинг технология билан ўзаро муносабатини ўзгартириши мумкин бўлган қтъий қонунчилик кун тартибини устувор вазифа қилиб қўйди, деб хабар беради Аzertag.
— Болалар ва ёшларни зарарли онлайн контентдан, ўзига қарамлик пайдо қиладиган алгоритмлардан ва уларнинг маълумотларини оммавий тўплашдан ҳимоя қилиш — кун тартибимиздаги устувор вазифа, — дейилади Даниянинг раиислик дастурида.
Бу, аслида, маҳсулотларнинг ўзига қарамлик пайдо қилиш хусусиятини қайта ишлаб чиқиш ва ёшни текшириш тизимини янада қаттиқроқ ўрнатиш учун йўл очади.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи сунъий интеллектни тартибга солишга интилмоқда. Бу борада муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу йилнинг кузида Европа Иттифоқи ўз тарихидаги энг баҳсли қонунлардан бири бўйича якуний қарор қабул қилиши мумкин. Кун тартибида — WhatsApp, Instagram, Google ва TikTok каби йирик платформалар фойдаланувчиларнинг шахсий аккаунтларида педофилия билан боғлиқ маълумотларни текшириш талаби. Албатта, бу фақат суд қарори асосида амалга оширилади. Мақсад, Европа Кенгаши маълумотларига кўра, Европа Иттифоқидаги ҳар бешинчи болага таъсир қиладиган ушбу жиддий муаммога қарши курашишдир.
Бу таклиф Европарламент томонидан 2023 йилда маъқулланган бўлса-да, Германия ва Нидерландия каби асосий аъзоларнинг кескин қаршилиги туфайли деярли икки йилдан бери тўхтаб қолди.
Айрим давлатлар вояга етмаганларни ҳимоя қилиш ниқоби остида оммавий кузатувга йўл очади ва хавфсиз онлайн мулоқот асоси бўлган шифрлаш тамойилига путур етказади, деб қўрқишади.
Ушбу шифрлаш WhatsApp каби иловалар орқали юборилган хабарларни фақат мўлжалланган олувчилар томонидан кўриш имконини беради - бу ҳатто хизмат эгаси ҳам уларга кира олмаслигини таъминлайди.
Даниянинг Европа Иттифоқига раислиги бу боши берк кўчадан чиқиш йўлини топиш ва умумий келишувга эришишни мақсад қилган. Тақвимда қизил ранг билан белгиланган сана 14 октябрь, европаликларнинг “яширин” келажагини белгилаб берувчи баҳслар яна давом этадиган кун. Мақсад ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун минимал ёш чегарасини, масалан, 15 ёшни белгилаш ва платформаларни унга риоя қилишга мажбурлашдир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нидерландия ҳукумати 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни таклиф қилгани ҳақида хабар берган эдик.