ChatGPT энди тиббий ва молиявий маслаҳатлар бермайди
ASTANA. Kazinform — OpenAI ўзининг маҳсулотдан фойдаланиш сиёсатини ўзгартирди. Янгиланган қоидаларга кўра, ChatGPT энди юридик, тиббий ва бошқа бир қатор ихтисослашган мавзулар бўйича маслаҳатлар бера олмайди, деб хабар беради Каzinform.
— Биз воситаларимиздан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланишни таъминлашга, улардан фойдаланиш устидан максимал назоратни таъминлашга интиламиз, — дейилади баёнотда.
Хусусан, тақиқ таълим, бандлик, уй-жой, молия ва кредитлаш, суғурта, шунингдек, давлат хизматлари, миграция ва миллий хавфсизлик билан боғлиқ масалаларга оид маслаҳатларни ўз ичига олади.
Янги қоидалар шунингдек, шахсий маълумотларни ҳимоя қилишни ҳам кўриб чиқади: хизматлардан одамларнинг розилигисиз уларнинг тасвирлари ёки овозларини, жумладан, реалистик портретларни яратиш учун фойдаланиш мумкин эмас. Шахснинг жиноят содир этиш хавфини фақат уларнинг шахсий хусусиятларига асосланиб баҳолаш ёки башорат қилиш ҳам тақиқланади. OpenAI шунингдек, унинг хизматларидан таҳдидлар, қўрқитиш, таъқиб қилиш ёки туҳмат қилиш учун фойдаланиш қатъиян тақиқланганлигини эслатди. Ўз жонига қасд қилиш, овқатланиш бузилиши, жинсий зўравонлик ёки терроризмни тарғиб қилишнинг ҳар қандай шакли, шунингдек, қурол сотиб олиш ёки улардан фойдаланиш тақиқланади.
Вояга етмаганларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди: болаларнинг ташқи кўриниши ҳақидаги шарҳлар, носоғлом овқатланиш одатларини тарғиб қилиш ва ёшга қараб чекланган контент ёки маҳсулотларга киришни таъминлаш энди тақиқланган.
Бундан ташқари, реал пул тикиш билан боғлиқ қимор ўйинлари учун OpenAI платформаларини яратиш ва улардан фойдаланиш қатъиян тақиқланган.
Эслатиб ўтамиз, ChatGPT асосчиси сунъий интеллектга эга браузерни тақдим этди.