Бюджетнинг асосий қисми ижтимоий соҳага йўналтирилади – Мажилис қонунни қабул қилди
ASTANА. Кazinform - Бугун Қозоғистон Республикаси Мажилисининг ялпи мажлисида “2025-2027 йилларга мўлжалланган республика бюджети тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
“2025 йил учун даромадлар жорий йилга нисбатан 1,2 триллион тенгега ошиб, 21,7 триллион тенге даражасида прогноз қилинмоқда. 2025 йилда бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотнинг 2,7 фоизи даражасида ҳисобга олинади ва 2027 йилга бориб бу кўрсаткич 1,9 фоизгача камаяди. 2025 йилги бюджет тақчиллигини ҳисобга олсак, бу 25,8 триллион тенгени ташкил этади, яъни жорий йилга нисбатан 1,7 триллион тенгега ошади. Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган қатор таклифлар билдирилди. Улар орасида аҳолини тоза сув билан таъминлаш, иссиқлик ва электр энергияси, транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини таъминлаш, «Ауыл – ел бесігі» (“Қишлоқ – юрт бешиги”) лойиҳасини амалга ошириш учун қўшимча харажатлар назарда тутилган. Бундан ташқари, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми доирасида тиббий хизматлар кўрсатиш ва коррупцияга қарши экспертиза ўтказиш харажатлари кўзда тутилган”, — деди Қозоғистон Республикаси Молия вазири Мади Такиев.
Ушбу тузатишларни ҳисобга олган ҳолда бюджет харажатларининг асосий йўналишлари қуйидагилар шакллантирилди:
Биринчи йўналиш - ижтимоий соҳани ривожлантириш. Бюджет аввалги йиллардагидек ижтимоий йўналтирилганлигича қолмоқда.
2025 йилда ижтимоий соҳа харажатлари жорий йилга нисбатан 862 миллиард тенгега ошади ва 9,8 триллион тенге миқдорида режалаштирилган. Унинг бюджет харажатларидаги улуши 38 фоизни ташкил этади. Биринчи устувор вазифа - фуқароларнинг ижтимоий таъминоти ва ижтимоий ёрдами.
2025 йил учун ижтимоий тўловлар бўйича харажатлар индексация ва тўловларни олувчилар сонининг кўпайиши ҳисобга олинган ҳолда 6 триллион тенге миқдорида назарда тутилган.
Иккинчи устувор вазифа – таълимни ривожлантириш. 2025 йилда бу йўналишдаги харажатлар жорий йил даражасидан 73 миллиард тенгега ошиб, 1 триллион тенгени ташкил этади.
“Учинчи устувор вазифага келсак, аҳоли сонининг ўсиши ва беморлар сонининг кўпайишини ҳисобга олган ҳолда, аҳолини бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми ва мажбурий ижтимоий тиббий суғурта доирасида тиббий ёрдам билан қамраб олиш даражасини ошириш кўзда тутилмоқда. 2025-2027 йилларга мўлжалланган соғлиқни сақлаш тизими харажатлари 7,6 триллион тенгени ташкил этади, шу жумладан жорий йилга нисбатан 180 миллиард тенгега кўп, 2025 йилда эса 2,4 триллион тенгега кўп бўлиши режалаштирилган. Умуман олганда, 2025 йилда бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига 1,6 триллион тенге миқдорида харажатлар режалаштирилган. Ижтимоий тиббий суғурта жамғармасига 675 миллиард тенге, жумладан, давлат бадалларига 668 миллиард тенге ажратилган”, — деди вазир.
Бундан ташқари, у 2025 йилда туризм ва спортни ривожлантириш учун республика бюджети харажатлари 141 миллиард тенге, маданият ва ахборотни ривожлантириш учун эса 165 миллиард тенгени ташкил этишини айтди.
“Иккинчи йўналиш – ҳудудларни қўллаб-қувватлаш. 2025 йилда республика бюджети маблағлари ҳисобидан ҳудудларга 7,5 триллион тенге ажратилади. Бу миқдор жорий йилга нисбатан 405 миллиард тенгега кўпдир. Бу бюджетнинг умумий харажатларининг қарийб 30 фоизини ташкил қилади. Учинчи йўналиш – иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш. 2025 йилда бу йўналиш бўйича 2,1 триллион тенге режалаштирилган. Улар орасида Давлат раҳбарининг кўрсатмаларига мувофиқ агросаноат мажмуасини ривожлантириш янада кучайтирилди. 2025 йилда ушбу йўналишга 635 миллиард тенге ажратилиб, жорий йилга нисбатан 30 фоизга ошган. 2025 йилда транспорт соҳасини ривожлантириш учун 568 миллиард тенге, автомобиль йўллари соҳасини ривожлантириш учун эса 423 миллиард тенге ажратиш режалаштирилган”, — деди вазирлик раҳбари.
Мади Такиевнинг сўзларига кўра, 2025 йилга мўлжалланган куч тузилмаларнинг харажатлари 109 миллиард тенгега кўпайиб, 2,7 триллион тенгени ташкил этиши режалаштирилган.