Буюк Британия жамоаси: Кўчманчилар ўйинлари - Қозоғистонга ташриф буюриш учун ноёб имконият

ASTANA. Kazinform - Астанадаги Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида Буюк Британиядан терма жамоа иштирок этди. Жамоа вакиллари орасидан икки дўст Марказий Осиё маданиятига кизиқяпти. Улар нафақат ўйинларга келди, балки арқон тортиш - анъанавий арқон курашида ҳам қатнашишга қарор қилди. Улар мураббийсиз ва минимал тайёргарлик билан тажрибали спортчиларга қарши ўз кучларини синаб кўриш учун майдонга дадил киришди. Бу ҳақда улар Kazinform агентлиги мухбирига маълум қилишди.

британцы испытали себя на Всемирных играх кочевников
Фото: Карина Кущанова/ Kazinform

Жамоа аъзолари Сэм Поллард ва Леон Корбин 15 йилдан бери дўст. Леон кўп саёҳат қилади, Сэм эса Англиядаги университетнинг 3-курс талабаси, иқтисод бўйича таҳсил олади. Айнан Сэм уларнинг Ўйинларда иштирок этиши ташаббускори эди, чунки у икки йилдан буён Марказий Осиё мамлакатлари маданиятига қизиқиб келади.

«Мен Марказий Осиё, жумладан, Қозоғистон бўйлаб тадқиқот олиб бораман. Бунинг менинг ўқишимга ҳеч қандай алоқаси йўқ, фақат ўзим шунчаки, қизиқаман. Қозоқ маданияти ва анъаналарини ўргандим. Арқон тортиши ҳақида, кейин эса турли мамлакатлардан спортчилар йиғиладиган Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ҳақида билиб олдим. Ушбу маданиятларнинг тадқиқотчиси сифатида мен учун ҳамма нарсани ўз кўзим билан кўриш жуда қизиқ эди”, - дейди Сэм. 

Йигитлар Ўйинларга қандай бориш ҳақида маълумот излай бошлаганларида, улар иштирокчи бўлишлари мумкинлиги маълум бўлди. Бу улар учун кутилмаган кашфиёт бўлди. Шунда улар нафақат мусобақани томоша қилиш, балки унда қатнашиш ғоясидан илҳомланиб кетдилар.

«Университет таътиллари ва ўйинлар санаси бир вақтга тўғри келди. Бу Қозоғистонга ташриф буюриш учун ноёб имконият эканини англадик”, — давом этади Сэм. 

Ташаббус бутунлай ўзларидан чиққан. Улар саёҳат ва тайёргарликни ўзлари молиялаштирдилар. 

«Вақтимиз оз эди - жамоани тайёрлаш ва йиғиш учун бор-йўғи 2-3 ой қолганди, лекин синаб кўришга қарор қилдик. Арқон тортишда иштирок - биз учун янги дунё очди. Спортчилар билан учрашиб, ўз кучимизни синаб кўрдик. Энди бу спорт тури биринчи қарашда кўринадиганидан анча мураккаб эканлигини тушунамиз», - дейди Леон.

Саккиз кишидан иборат жамоа дўстлар ва қариндошлардан йиғилган бўлиб, битта захирадан иборат. 

«Ҳаммамиз тенгдошмиз, 20-21 ёшдамиз. Энг каттаси 26 ёшда. Биз мураббийсиз ўйнаймиз. Сўнгги дақиқада бизга захира аъзо қўшилди. Бунинг учун Оливердан жуда миннатдормиз”, - деб таъкидлайди иштирокчилар.

Ҳозир йигитлар Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларидаги иштироки ҳақида видеокундалик суратга оляпти ва уни интернетда жойлаштиришни режалаштирган. Улар келажакда Мўғулистонга ҳам боришни хоҳлаяпти. 

«Сэм менинг дўстим, унинг турли маданиятларга ва спортга иштиёқи жуда баланд. Агар у бўлмаганида, биз арқон тортиш ҳақида ўрганмаган бўлардик ва Кўчманчилар ўйинларига келмас эдик. Ғалаба асосий мақсадимиз эмас эди. Биз тажриба учун, бу атмосферани ҳис қилиш учун келдик. Энди биз кейинги Ўйинларда қатнашишни ва соврин учун курашишни режалаштиряпмиз», - дея қўшимча қилди Леон.

 

 Сэм Поллард и Леон Корбин
Фото: Карина Кущанова/ Kazinform

 

Сўнгги хабарлар