Бугун Ядро қуролидан воз кечиш куни

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Бугун БМТ даражасида Ядро қуролидан воз кечиш куни нишонланади, деб хабар беради Kazinform мухбири.

1991 йил 29 августда Қозоғистоннинг ўша пайтдаги Президенти Нурсултан Назарбаевнинг Фармони билан Семей ядро полигони ёпилди.

2009 йил 30 октябрда эса Қозоғистон БМТ Бош Ассамблеясининг Биринчи қўмитасига 29 августни Бутунжаҳон ядро қуролидан воз кечиш куни деб эълон қилишни таклиф қилди. Қозоғистон томонидан таклиф этилган резолюциянинг ҳаммуаллифлари 26 давлат, жумладан Арманистон, Беларусь, Бразилия, Қатар, Қирғизистон, Мўғулистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Тожикистон, Туркманистон, Япония ва бошқа давлатлар эди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида «Бугун Қозоғистон ўз ракета ва ядро арсеналидан ихтиёрий равишда воз кечган, сайёрадаги энг йирик полигонни ёпган давлат сифатида бутун дунёга танилган. Бу бошқа давлатлар учун намуна бўлиши керак», - деди у.

Ярим аср давомида қозоқ чўлида атмосфера, ер усти ва ер ости синовлари ўтказилди. Унинг оқибатлари полигондан 18 минг квадрат километр узоқликда яшовчи 1,5 миллионга яқин қозоғистонликларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатди. Мамлакат шарқида, собиқ Семей полигони ҳудудида радиациявий ифлосланиш ҳали ҳам мавжуд.

Тарихий маълумотларга асосланиб, қирқ йил давомида республика ҳудудида 456 та синов ўтказилган. Уларнинг умумий қуввати 1945 йилда Хиросимага ташланган бомбанинг кучидан 2,5 баравар кўп. Умуман олганда, ҳозиргача дунё бўйлаб ўтказилган синовларнинг 24 фоизи Қозоғистон ҳудудида ўтказилган.

СССР парчаланганидан кейин унинг ядро арсеналининг муҳим қисми Қозоғистонда қолди. Ўшанда Қозоғистон ўз ихтиёри билан дунёнинг тўртинчи ядровий давлати мақомидан воз кечган эди. 1993 йилда у Ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги шартномага қўшилди.

Семей полигони ёпилган 29 август БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ядровий синовларга қарши халқаро ҳаракат куни деб эълон қилинди. Ушбу куннинг рамзий аҳамиятини инобатга олган ҳолда Қозоғистон 2019 йилда БМТ котибиятига Ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги шартномани ратификация ҳужжатини тақдим этди.

Ядровий қуролсизланишни чекловчи бир қатор мажбурий ҳуқуқий нормалар мавжуд. Шартномага кўра, унинг ҳудудида ядро қуроли ёки ядровий портловчи моддаларни ишлаб чиқариш, синовдан ўтказиш, сотиб олиш, узатиш ва сақлаш тақиқланади. Шундай қилиб, инсоният тарихида биринчи марта ядро қуроли ноқонуний деб эълон қилинди.



Муаллиф: Айжан Серикжанқизи


Сўнгги хабарлар