Бугун - тиббиёт ходимлари куни
ASTANA. Kazinform – Бугун Қозоғистонда тиббиёт соҳаси вакиллари ўзларининг касб байрамларини нишонламоқда. Мамлакатимизда июнь ойининг ҳар учинчи якшанбасида - тиббиёт ходимлари куни нишонланади. Бу кунни нишонлаш Қозоғистон Республикаси Президентининг 1998 йилдаги Фармони билан белгилаб қўйилган.

Шу муносабат билан Давлат раҳбари Ақордада мамлакатимиз тиббиёт ходимларини касб байрами билан табриклади.

Президент фармони билан мамлакатимиз тиббиёти ривожига катта ҳисса қўшган соҳа мутахассислари тақдирланди.
Бугунги кунда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасида 380 мингга яқин киши меҳнат қилади. Ҳар бир мутахассиснинг меҳнати жуда катта. Бутун умрини халқ саломатлигини асрашга бағишлаган оилалар бор.

Ҳар йили 45 та давлатдан 10 мингга яқин киши Қозоғистонга махсус даволаниш учун келади. Бу мамлакатимизда тиббий хизмат кўрсатиш сифати юқорилигидан далолат беради.

Айтиш жоизки, Қозоғистонда ўртача умр кўриш 75,4 ёшга етди. Тиббиёт муассасалари сони кўпайди, техник базаси мустаҳкамланиб боряпти.
“Беш йил давомида 800 га яқин соғлиқни сақлаш муассасаси, яъни кўплаб поликлиника ва шифохоналар қурилди. Бу иш тўхтамайди, давлат мазкур тизим инфратузилмасини келажакда ҳам ривожлантиришни давом эттиради. Халқ саломатлигини мустаҳкамлаш бирламчи тиббий ёрдамдан бошланади. Мамлакатимизда қишлоқ тиббиёт тизимини модернизация қилиш бўйича миллий лойиҳа амалга ошириляпти. Бугунги кунда 469 та бино барпо этилган. Йил охиригача яна 186 та объект қурилади. Туман шифохоналари замонавий жиҳозлар билан таминланяпти", – деди Президент.
Президент фармони билан ўтган йилдан бери тиббиёт соҳасининг илғор вакиллари “Қозоғистонда хизмат кўрсатган шифокор” унвони билан мукофотланиб келади. Бу тиббиёт ходимларига бўлган алоҳида ҳурматдан далолатдир.