Бугун – Мустақиллик куни

Бугун Мустақиллик куни. 16 декабрь Қозоғистон тарихидаги энг муҳим саналардан бири ҳисобланади. Бундан 37 йил аввал декабрь воқеаси озодлик тарихининг илк саҳифасини ёзган бўлса, 32 йил аввал “Мустақиллик тўғрисида”ги қонун имзоланди, деб хабар беради Kazinform.

Бугун – Мустақиллик куни
Фото: Мақсат Шағирбаев/Kazinform

1991 йил 16 декабрда ўша пайтдаги президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Республикасининг “Давлат мустақиллиги тўғрисида”ги конституциявий қонунини имзолади. Кўпинча Қозоғистон СССРдан энг охирги бўлиб чиқди, деб айтилади. Қизиғи шундаки, Қозоғистон давлатининг мустақиллигини қонунийлаштирувчи худди шу ҳужжат қонунчилик нуқтаи назаридан СССРда қабул қилинган якуний қонун ҳисобланади.

Энди 16 декабрь миллий байрам саналмайди. Бу мақом 25 октябр – Республика кунига берилди. Бироқ 16 декабрнинг рамзий маъноси ва тарихий аҳамияти сўнмаган. Чунки, юқорида айтганимиздек, кейинги 50 йилликнинг учта асосий воқеаси айнан шу кунда содир бўлди.

Дастлабки йилларда Мустақиллик байрами пафос ва ғурурга тўла кун сифатида тарғиб қилинган. Халқ буни қандай бўлса, шундай қабул қилди. Бундай қадам тили ва дили эзилган халқнинг маънавиятини юксалтириш йўлида ўзини оқлайди. Йил ўтиб, тарих жонлана бошлагани сари юртнинг онги ҳам ўйғона бошлади. Авлодлар алмашиб, тарих очилгани сари 16 декабрга юрт эътибори жиддийлаша бошлади. Мамлакатда бу кунни қувониш куни сифатида эмас, балки озодликка эриша олмаганларни хотирлаш учун азиз сана сифатида нишонланиши лозимлиги ҳақидаги ташаббуслар садолари янграй бошлади.

Бу йил мустақилликка 32 йил тўлди. Унинг дастлабки ўн йиллиги суверенитетнинг хусусиятларини аниқлаш ва конституциявий тузилмани шакллантиришга сарфланди. Валюта муомалага киритилди, Қуролли Кучлар тузилди. СССРдан мерос бўлиб қолган режали иқтисодий сиёсат ўрнига бозор муносабатлари ўрнатилди.

Мустақилликнинг иккинчи ўн йиллигини биргина “нефть даври” деб таърифлаш мумкин. Зеро, йиллар ўтган сари дастлаб тараққиётнинг шубҳасиз йўлидек туюлган иқтисодий йўналишлар ўз қийинчиликларини кўрсата бошлади. Астана мамлакатнинг расмий маркази сифатида тўлиқ шаклланди ва бутун мамлакат бўйлаб рақобат муҳитини қидираётганларнинг барчасини ўзига жалб этадиган пойтахтга айланди.

Учинчи ўн йиллик Жанаўзен фожиаси билан бошланиб, ҳокимият алмашуви билан якунланди. 2019 йил 19 март куни Нурсултон Назарбоев ўз ваколатларини амалдаги президент Қасим-Жомарт Тоқаевга топширди.

Бу йил эса Қозоғистон аҳолиси 20 миллион кишига етгани расман эълон қилинди.

Сўнгги хабарлар