Бугун Қозоғистоннинг миллий валютаси – тенге куни
Бугун Қозоғистоннинг миллий валютаси – тенге 30 ёшга тўлди. Эсингизда бўлса, 1993 йил 15 ноябрда Қозоғистон Республикасининг миллий валютаси – тенге муомалага киритилган эди. 1997 йилдан буён Давлат раҳбарининг фармони билан 15 ноябрь миллий валюта ва молиячилар куни сифатида нишонланиб келинмоқда, дея хабар беради Кazinform.


Умуман олганда, тенгени тайёрлаш 1992 йилда бошланган бўлиб, ўша йилнинг 27 августида Миллий банк тенге банкнотлари намуналарини тасдиқлаган. Эртаси куни эса қозоқ валютасини яратган дизайнерлар – Тимур Сулейменов, Мендибай Алин, Ағимсали Дузелханов, Қайролла Ғабжалелов Англияга жўнаб кетишди.
Биринчи тенгеларда машҳур тарихий шахсларнинг портретлари, Алатау ва Кўкшетау манзаралари, Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси тасвири, Манғистаудан топилган тош битиклар тасвирланган. Бир тенгеда Абу Наср Форобий, уч тенгеда Суйинбай, беш тенгеда Қурманғази, ўн тенгеда Шоқан, йигирма тенгеда Абай, эллик тенгеда Абулхайрхон, юз тенгеда Абилайхон тасвирланган.

Миллий банк дастлаб 1 тенгени минг рублгача баҳолаган эди. Бироқ мамлакатдаги сиёсий-ижтимоий масалалар ва давлатлараро муносабатларни ҳисобга олган ҳолда 1 тенге 500 рубль этиб белгиланди.
Тенгелар ва монеталар қаерда чиқарилди?
Тенгенинг биринчи банкноталари Британиянинг "Ҳаррисон ва унинг болалари" фабрикасида чиқарилган. Бироқ, бу қимматга тушди. Шу боис маблағни тежаш мақсадида “Гидромаш” АЖ заводи биноларидан бирини янги ишлаб чиқариш корхонаси қурилгунга қадар банкнот ишлаб чиқариш талаблари асосида таъмирлашга қарор қилинди. 1995 йил 19 майда эса банкнот ишлаб чиқариш учун зарур база яратилгандан сўнг Банкнот фабрикаси расман очилди. Ўша йили 83 миллиондан ортиқ, бир йил ўтиб эса 104 миллиондан ортиқ банкноталар муомалага чиқарилган.

Валюта қанчалик даражада ҳимояланган?
Қозоғистон тенгеси дунёдаги энг яхши ҳимояланган валюталардан биридир. Номинал қиймати 20 000 тенге бўлган Қозоғистон тенгеси банкнотаси энг яхши ҳимояланган тенге банкнотаси ҳисобланади. 2022 йил 1 октябрдан муомалага чиқарилган 20 000 тенгелик банкнотада 25 та ҳимоя элементи мавжуд. Жаҳонда биринчилардан бўлиб ушбу элементни банкнотларга жорий этиш, миллий валюта дизайнини такомиллаштириш, умуман тенгеда илғор технологияларни қўллаш ҳимоя хусусиятларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлардандир.
Халқаро банкнотлар жамияти Қозоғистон банкнотларини 2011 йилдан 2013 йилгача кетма-кет 3 йил давомида ўзига хос дизайни ва хавфсизлик элементларидаги оқилона ечимлари учун дунёдаги энг яхшиси деб тан олди. 1961 йилдан бери фаолият юритиб келаётган ташкилот тарихида биринчи марта бир давлат 3 йил кетма-кет мукофотга сазовор бўлди. Умуман олганда, Қозоғистон банкноталари дунёдаги энг ҳимояланган ва чиройли банкнотлардан бири сифатида халқаро майдонда 10 дан ортиқ мукофотларга сазовор бўлган.

Миллий валюта мукофотлари
2000 йилдан бери Қозоғистон зарбхонаси ва Миллий банки ҳар йили халқаро танловларда қатнашиб, турли номинациялар бўйича 20 дан ортиқ мукофотларга сазовор бўлди.
Халқаро экспертларнинг фикрича, Қозоғистон монеталари қадимий танга зарб этиш анъаналари ва замонавий технологияларни муваффақиятли уйғунлаштирган. Қозоғистон нумизматикаси 2001 йилдан бери Базелдаги Бутунжаҳон нумизматик конференция-кўргазмасида, Сан-Франциско, Сингапур, Пекин, Берлиндаги кўргазмалар каби нуфузли форумларда иштирок этмоқда.

Рақамли тенге
Рақамли биометрик идентификация хизмати ишга туширилди ва Миллий банк инфратузилмасида ишламоқда. Бу ишлар бозор иштирокчиларига ўз мижозларига нақд пулсиз ҳисоб-китобларга асосланган инновацион хизматлар, жумладан, карта, онлайн тўлов, QR-код, мобил банкинг ва бошқа хизматларни ўз вақтида жорий этиш ва таклиф қилиш имконини берди. Сўнгги 5 йилда аҳолининг нақд пулсиз операциялари 34 баробарга ошиб, 2022 йил охирига келиб 103,8 триллион тенгега етди. 2023 йилнинг уч чораги якунларига кўра, аҳолининг нақд пулсиз операциялари 39,5 фоизга ўсиб, 101,0 триллион тенгега етди.
Бундан ташқари, кўплаб мижозларга онлайн хизматлар кўрсатилади. Бу ҳисоб очиш, омонат бериш ва кредит олишдан иборат. Келгусида Миллий банк молиявий инфратузилманинг рақамли лойиҳаларини, яъни молия бозори иштирокчилари ўртасида самарали мулоқотни таъминлайдиган ва мижозларга янги сифатли хизматлар кўрсатиш имконини берувчи лойиҳаларни ишлаб чиқишдан манфаатдор.
