Брюссель конференциясида донорлар томонидан Сурия учун 5,6 миллиард евро тўпланди
Халқаро донорларнинг икки кунлик конференцияси натижасида Сурия аҳолисига 5,6 миллиард евро ажратиш бўйича келишувларга эришилди, шундан 4,6 миллиарди жорий йилда, 1 миллиарди эса 2024 йилда ажратилиши режалаштирилган.
Эълон қилинган маблағ Сурия ичидаги одамларни ва суриялик қочқинларни қабул қилувчи қўшни давлатларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
ЕИ, шунингдек, 3,8 миллиард евро, жумладан, Еврокомиссиядан 2,1 миллиард евро ва ЕИга аъзо давлатлардан 1,7 миллиард евро миқдорида грантлар ажратишга ваъда берди.
Еврокомиссия 2011 йилда инқироз бошланганидан буён ЕИ ва унга аъзо давлатлар Сурия ва минтақадаги сурияликларни қўллаб-қувватлаши учун 30 миллиард евродан ортиқ маблағ ажратган. Бундан ташқари, халқаро молия институтлари ва донорлар томонидан 4 миллиард евро миқдорида кредитлар ажратилиши эълон қилинди, бу эса грант ва кредитларнинг умумий миқдорини 9,6 миллиард еврога етказди.
Шунингдек, Европа Иттифоқи 2022 йил 10 майда бўлиб ўтган «Сурия ва минтақа келажагини қўллаб-қувватлаш» мавзусидаги олтинчи Брюссель конференциясида қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни, шунингдек, маслаҳатлашувлар бўйича онлайн сўров ҳисоботини эълон қилди.
2017 йилдан бери Сурия бўйича Брюссель конференцияларида Сурия ва қўшни мамлакатлардаги сурияликларга, шунингдек, минтақадаги суриялик қочқинларни қабул қилувчи жамоаларга таъсир этувчи муҳим гуманитар ва барқарорлик масалаларига эътибор қаратилди.
Конференциялар халқаро ҳамжамиятнинг Сурияга қўшнилари, хусусан Иордания, Ливан ва Туркия, шунингдек, Миср ва Ироққа сиёсий ва молиявий ёрдамини янгилашдан иборат.
Аввалроқ 2023 йил февралдаги вайронкор зилзилалардан сўнг Туркия ва Сурия халқини қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус донорлар конференцияси ўтказилган эди.
Муаллиф: Арнур Рахимбеков