British Airways Яқин Шарққа рейсларини тўхтатди
ASTANA. Kazinform — British Airways авиакомпанияси 2026 йил 10 мартда Эрон билан боғлиқ кескинлик сабабли Яқин Шарққа бир нечта йўналишдаги рейсларини тўхтатганини маълум қилди, деб хабар беради Анадолу.
Компания маълумотига кўра, ушбу ойда Амман, Баҳрайн, Доҳa, Дубай ва Тель-Авивга режалаштирилган барча рейслар бекор қилинган.
Абу-Дабига ва Абу-Дабидан амалга ошириладиган барча рейслар эса жорий йил охиригача чекланади.
Авиакомпания баёнотида жадвалнинг қисқартирилиши «минтақадаги беқарорлик» ва «ҳаво маконининг ишончсизлиги» билан боғлиқ экани айтилган.
“Биз вазиятни доимий равишда кузатиб бормоқдамиз ва мижозларимизга бир нечта вариантларни таклиф қилиш учун алоқада бўлиб турамиз”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, British Airways мижозларни ўзини компания вакиллари сифатида кўрсатаётган фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди. Фирибгарлар йўловчилар билан боғланиб, уларнинг шахсий маълумотлари ва тўлов реквизитларини сўрайди.
Минтақадаги кескинликнинг кучайиши 28 февралда Исроил ва АҚШ Эронга қарши биргаликда зарба берганидан кейин бошланган. Бу ҳужум натижасида 1 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлиб, қарийб 10 минг киши яраланган. Исроил шунингдек Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳарбий операцияларини ҳам кенгайтирди.
Теҳрон эса таслим бўлмай, Исроил, Иордания, Ироқ ва АҚШ ҳарбий объектлари жойлашган Форс кўрфази давлатларига дронлар ва ракеталар орқали жавоб зарбаларини бермоқда.